Линклар

logo-print

“Бирдамлик” аъзолари Олмаотада очлик акцияси ўтказди


БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Олмаотадаги ваколатхонаси олдида ўзбекистонлик 10 қочқин икки кунлик очлик акцияси ўтказди. Қочқинлар ўзларини Ўзбекистондаги “Бирдамлик” ҳаракати аъзолари сифатида таништирди.

Акция иштирокчиларидан бири андижонлик Бахтиёр Мамажоновнинг сўзларига кўра, ваколатхона “Бирдамлик” аъзолари - Собир Хуррамов ва Маҳбуба Чоршановадан иборат оилага қочқин мақоми беришни икки марта рад этган.

“Улар Баҳодир Чориев ўтказган пикетларда иштирок этган, С.Хуррамов ҳақиқатан калтак еган ва қулоғи яхши эшитмайди. Ўзбекистонга қайтса, уларга хавф-хатар бор, деб ўйлаймиз. Биз БМТ қочқинлар идорасининг Қозоғистондаги бўлими чиқарган хулосадан норози бўлиб, икки кунлик очлик акциясини ўтказдик”, - деди Б.Мамажонов.

Унинг айтишича, икки кунлик очлик қочқинларнинг соғлиғига салбий таъсир қилган. Кўп тик тургани учун М.Чоршанованинг оёғи шишиб кетган, илгари ошқозони операция қилинган яна бир қатнашчи ҳам касал бўлиб қолиб, иситмаси кўтарилиб кетган.

Б.Мамажоновнинг Олмаотага келганига уч кун бўлган. Ўзининг таъкидлашича, “Бирдамлик” аъзолари Тошкентдаги Хадра майдонида намойиш уюштиришга ҳаракат қилган, аммо бунга эриша олмаган.

“Шунга ўхшаш жуда кўп ишлар қилдик. Ўзбекистонда эса одамнинг ҳар бир ҳаракати ҳисоб-китоб қилиб борилади. Шу сабабли бизга таъқиблар бошланди. Мен Хоразмга қочишга мажбур бўлдим. У ерда ҳам орқамдан суриштиришган. Кейин Қорақалпоғистоннинг Беруний шаҳрига кетдим. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимларидан фақат мамлакатдан қочиб қутулиш мумкин”, - дейди Б.Мамажонов.

Б.Мамажонов Ўзбекистондан чиқиб кетгач, БМТ қочқинлар идорасининг Олмаотадаги ваколатхонасига ўзига қочқин мақоми берилишини сўраб мурожаат қилган. Ҳозир ваколатхона унинг мурожаатини кўриб чиқмоқда.

“Юртимни тарк этишимнинг сабаби чет эл хўрозқандини орзу қилганимдан эмас, - дейди у. - Ўзбекистонда борига шукр қилиб яшашни истайман. Бу ерга аниқ хавф-хатардан қочиб келдик. “Бирдамлик” раҳбари Баҳодир Чориев агар Ўзбекистонда таъқиблар кучаядиган бўлса, жон сақлаш учун мамлакатдан чиқиб кетишимиз кераклигини тушунтирган”.

Икки кунлик очлик акциясидан кейин БМТ қочқинлар идорасининг Олмаотадаги ваколатхонаси бу қочқинлар арзларига яна бир марта қулоқ осишга рози бўлди. Ваколатхона расмийлари бу масала 25 июнь куни ўрганилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG