Линклар

Р.Норланд АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабатларини тикламоқчи

  • Фаррух Юсуфий

Келаси ҳафтада АҚШ Ўзбекистонга янги элчисини юбориши кутилмоқда. Чоршанба куни АҚШ Сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси Ўзбекистондаги элчи лавозимига президент Жорж Буш кўрсатган номзод Ричард Норландни тинглади.

Сенат қўмитасида демократлар вакили Жон Керри раислик қилган тингловда Р.Норланд Тошкентга элчи бўлиб борса, икки томонлама муносабатларни яхшилаш унинг асосий вазифаларидан бири бўлишини таъкидлади.

“АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари бундан атиги бир неча йил аввал жуда аъло даражада эди. Афсуски, кейинги бир икки-уч йил ичида бу муносабатларга путур етганини тан олиш ва уларни аввалги даражага кўтариш бўйича чоралар кўриш керак”, - деди Р.Норланд.

Андижон воқеаларидан кейин Тошкент-Вашингтон муносабатлари анча совуқлашгани сир эмас. Бўлажак элчи Р.Норландга кейинги икки йил ичида Вашингтон ва Тошкентнинг бир-бири шаънига айтган аччиқ сўзлари, Хонободдан АҚШ ҳарбийларининг ҳайдалгани, Американинг деярли барча ташкилотлари Ўзбекистондан қувилгани, маҳаллий матбуотда очиқ аксиламерика тарғиботи бошлангани ва кўплаб бошқа муаммолар билан боғлиқ совуқ муносабатларни илитиш вазифаси юклатилган.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Марказий Осиё дастурлари раҳбари Роберт Темплер тилга олинган муаммолар билан боғлиқ вазият эътиборга олинса, янги элчи ўз олдига қўйган вазифа, яъни икки томонлама муносабатларни аввалги даражага кўтариш деярли бажариб бўлмайдиган миссия бўлишини айтади.

“Менимча, икки давлат ўртасидаги мулоқотни тиклаш ўта қийин вазифа бўлади. Ўзбекистон ҳукумати АҚШнинг Тошкентдаги дипломатлари вазифасини қийинлаштирган, яъни айтмоқчиманки, Американинг Тошкентдаги дипломатик миссияси билан маҳаллий ҳукумат ўртасидаги мулоқот деярли йўққа чиқарилган. Бундай шароитда эса мулоқотни тиклашнинг иложи йўқ, албатта. Шунинг учун янги элчининг вазифаси жуда қийин бўлади”, - дейди Р.Темплер.

Ўзбекистонлик кузатувчи, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ҳам икки мамлакат муносабатларидаги сўнгги воқеалар томонлар мулоқоти тикланиши истиқболларини шубҳа остига қўяётгани, шунинг учун янги элчининг фаолияти қийин кечишини таъкидлади.

Шунга қарамай, унинг айтишича, атиги яна бир йил ҳокимият тепасида бўладиган Жорж Буш маъмуриятининг Тошкентга янги элчи юбориши бежиз эмас. Оқ уйнинг бундан кўзлаган асосий мақсади айнан таназзулга учраган муносабатларни яхшилашга уринишдир.

Р.Темплер эса Вашингтоннинг ҳозир Тошкент билан муносабатларнинг совуқлашиб кетганидан хавотирланишга вақти йўқлиги, янги элчининг тайинланиши АҚШ Давлат департаменти дипломатларни режали равишда алмаштириб туриши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Менимча, бу элчиларни алмаштириб туриш билан боғлиқ оддий жараён. Ўзбекистон каби мамлакатларда элчилар режали равишда алмаштириб турилади. Бундан ташқари, Вашингтонда Ўзбекистон билан алоқаларга бўлган қизиқиш ёки уларнинг ёмонлашиб кетганидан хавотирланиш бор, деб ўйламайман. Айтмоқчиманки, Буш маъмурияти учун Ўзбекистон масаласи ечилиши лозим бўлган масалалар рўйхатининг энг охирида турибди”, - дейди Р.Темплер.

27 йиллик дипломатик тажрибага эга бўлган Р.Норланд можароларни ҳал этиш бўйича етакчи дипломатлардан бири ҳисобланади. 2005 йилдан бери у АҚШнинг Афғонистондаги элчиси биринчи ўрибосари лавозимида ишлаб келди. 2001 йилгача АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Европа масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган. 1993-1995 йилларда Грузия ва Чеченистонда ЕХҲТнинг тинчликни сақлаш дастурига раҳбарлик қилган. Собиқ иттифоқ даврида, 1988-1990 йилларда АҚШнинг Москвадаги элчихонасида сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаган.
XS
SM
MD
LG