Линклар

Қирғизлар қўшниларнинг “экспансияси”дан ташвишда


Қозоғистон давлат котиби Адахон Мадумаров мамлакат жанубини “ўзбеклар ва тожиклар эгаллаб олаётгани”дан ташвиш билдирди. У буни Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Қозоғистонга экспансияси сифатида кўрмоқда.

Умуман олганда, бу каби фикрлаш Қирғизистондаги кўпгина сиёсатчиларга хос. Бу ҳақда парламентда гапирилади, давра суҳбатлари уюштирилади. Лекин бу гаплар гаплигича қолиб кетмоқда.

Хўш, бу фикрларда жон борми?

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги қишлоқлардан бирининг оқсоқоли Қанибек Ибрагимов сўзларига кўра, қишлоқ аҳолиси чегарачи ёки милиция вазифасини бажаришга мажбур бўлиб қолмоқда. Чунки бу қишлоқ аҳолисининг асосий қисми Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун кетиб қолган. Уларнинг уйларини эса Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари сотиб олмоқда.

Жалолобод вилояти губернатори ўринбосари Жаниш Қурбонов фикрича, бундай вазият кўпроқ чегараларнинг аниқланмагани туфайли юзага келаётир.

“Ўзбек-қирғиз чегаранинг 763 километри ҳали аниқланмаган. Биргина Жалолобод вилоятининг етти тумани Ўзбекистон билан чегарадош. Чегаралар аниқланмагани боис бу ерни қирғизлар Қирғизистонга қарашли, ўзбеклар эса Ўзбекистонга қарашли, деб ҳисоблайди. Ҳамма жанжаллар мана шундан келиб чиқмоқда”, - деди Жаниш Қурбонов.

Бироқ маҳаллий кузатувчи Маҳмуджон Содиқов давлат котиби Адахон Мадумаровнинг Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Қирғизистонга экспансияси тўғрисида ташвиш билдириши ноўрин, деб ҳисоблайди.

“Расмий статистика маълумотлари кейинги йилларда вилоят марказларида қирғизлар сони кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Масалан, Боткенда қирғизлар аҳолининг 95 фоизини ташкил этади. Ўш ва Жалолобод вилоятларида ҳам қирғизлар сони сезиларли кўпайгани қайд этилмоқда. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ўзбек ёки тожик экспансияси тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”, - деди Маҳмуджон Содиқов.

Қирғиз парламенти депутати Мурод Жўраев Боткен вилоятида тожиклар экспансияси кучайиб бораётгани қайд этилаётганини таъкидлади.

“Ҳозир Қирғизистон ҳудудидаги уйларни Тожикистон фуқаролари кўплаб сотиб олмоқда. Шу кунгача биз ноқонуний тарзда Тожикистон фуқароларига сотилган 95 уйни аниқладик. Боткен вилояти аҳолисининг кўпчилиги доимий яшаш ва ишлаш учун уйини сотиб Россия ва Қозоғистонга кўчиб кетмоқда. Уларнинг ҳамқишлоқлари уйларни сотиб олиш имконига эга эмас. Шунинг учун улар уйларини Тожикистон фуқароларига сотмоқда”, - деди депутат.

Боткен вилоятининг собиқ раҳбари Асқар Шодиев агар Тожикистон фуқаролари уйларни шу тарздаги тезлик билан сотиб оладиган бўлса, “узоғи билан 50 йил ичида вилоят аҳолисининг асосий қисмини тожиклар ташкил этиши”ни айтди.
XS
SM
MD
LG