Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Тожикистонлик ўзбеклар Каримовдан чегара муаммоларини енгиллатишни сўради


Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларида яшайдиган ўзбеклар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаб, виза тизими бекор қилиниши, чегарадаги сим тўсиқлар олиб ташланишини сўради.

Бу хат Турсунзода туманининг Ғаров, Жўрақул Раҳмонов ва Пахтаобод жамоатларида яшовчи жами 50 оила номидан битилган. Душанбедан 70 километр узоқликда жойлашган бу қишлоқларда яшовчи тахминан 540 хўжаликдан иборат аҳолининг қарийб 95 фоизини ўзбеклар ташкил қилади.

Хат муаллифлари шу қишлоқда яшаб, асосан, деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган оддий кишилардир. Улар “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғида Ўзбекистонга ўтиб кетган ва ўша ерда муқим бўлиб қолган яқинларини кўриш сўнгги йилларда жуда қийинлашиб кетаётганидан норозилик билдирди.

Улар илгари визасиз ўтганида қўлга тушиб қолса, ҳар икки давлат чегарачилари фақат жарима солиш билан чеклангани, кейинги пайтларда эса чегарачилар одамларни очиқдан-очиқ талон-тарож қилаётгани, айрим ҳолларда қамоққа тиқиб қўяётганидан шикоят қилди.

Мукаррамхон исмли аёл синглиси Тошкентга аммасининг тўйига бориб қайтаётганида ўзбек чегарачилари унинг тилла тақинчоқларини асоссиз олиб қўйганидан, Абдукарим эса қариндошларининг 90 фоизи Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида яшаётганини, аммо виза боис йиллар давомида улар билан юз кўришиш имкони бўлмаётганидан нолиди.

Хат муаллифлари Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзларига кўрсатган ёрдамини унутмаганларини эътироф этди.

Улар жорий йил декабрда Ўзбекистонда бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайлови баҳона И.Каримов мамлакат ташқарисидаги ўзбекларга яна бир маротаба мурувват кўрсатишига ишонишини таъкидлади.

Бу хат Ўзбекистон президенти қўлига етиб борган-бормагани эса ҳозирча номаълум бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG