Линклар

Ўзбекистонлик тиллафурушлар қўлга тушди


Жанубий Қозоғистон вилоятида Ўзбекистоннинг уч фуқароси умумий қиймати 5 миллион танга, яъни тахминан 40 минг АҚШ долларига тенг бўлган тилла буюмлар билан қўлга олинди.

Жанубий Қозоғистон молия полицияси ходими Талғат Ниёзалиевнинг билдиришича, тиллафурушлар Чимкент шаҳрида ушланган. Улар тилла тақинчоқларни Туркиядан харид қилган бўлиб, Ўзбекистонга олиб ўтишни режалаштирган. Лекин уларда тилла буюмларга тегишли божхона декларацияси бўлмаган.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг бу фуқаролари устидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 209-моддаси, яъни иқтисодий контрабанда банди бўйича жиноят иши очилган.

Шунингдек, Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти ўзбекистонлик тўрт фуқарони ўғирликда айбламоқда.

Маълум бўлишича, Фарғона вилоятилик уч ўзбек мардикори қозоғистонлик хўжайинига тегишли ишлаб чиқариш дастгоҳи - станокни ўғирлашда гумон қилинмоқда.

Тошкент вилоятилик 39 ёшли эркак эса Жанубий Қозоғистоннинг Тўлибей туманидаги Султонработ қишлоғилик фуқаронинг уйидан қорамолини ўғирлашда айбланмоқда.

Ўтган бир ҳафта давомида содир этилган ҳар икки ўғирлик юзасидан Ўзбекистон фуқаролари устидан жиноят ишлари очилган ва тергов-суриштирув давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG