Линклар

Собиқ мухолифат оналари норози

  • Гулнора Равшан

Душанбеда БМТнинг Тожикистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш бюроси биноси олдида собиқ тожик мухолифати аъзоларининг яқинлари бўлган тахминан 50 киши намойиш ўтказди.

Улар собиқ мухолифатнинг ўта оғир жиноятларда айбланиб қамоққа ташланган аъзоларига куни-кеча қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қонун тадбиқ этилмаслигидан норозилик билдирди.

Намойишчилар БМТ бюроси масъулларидан ўзларининг арзларини Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга етказишни ва яқинларининг озод этилишига кўмаклашишни сўради.

“Тожикистонда миллий ярашув битими имзоланганининг ўн йиллиги муносабати билан қамоқдаги фарзандимиз авф этилишини сўраб президент Имомали Раҳмонга хат ёзган эдик. Аммо авф тўғрисидаги қонунга биноан фарзандим амнистияга тушмас экан. Фарзандим Данғара туманидаги портлашда қўли борликда айбланиб ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Жиноят иши қайта кўрилиб чиқилгандан сўнг жазо 25 йилга озодликдан маҳрум этиш билан алмаштирилди. Ўғлим фуқаролар уруши чоғида мужоҳид бўлмаган”, - деди намойиш иштирокчиси бўлган отахон.

Отахон арзини мамлакат раҳбари инобатга олмагани боис, БМТдан фарзанди ҳуқуқларини ҳимоялашни талаб қилиб келганини билдирди.

Душанбелик Сайбиби Ҳусейнованинг ўғли Иброҳим мужоҳидликда айбланиб 25 йилга қамалган.

“Ўғлим бозорда савдогарлик қилар эди. У ҳеч қандай ҳарбий амалиётда қатнашмаган. Аммо уни туҳмат билан мужоҳид, деб қамоққа тиқишди. Мана саккиз йилдирки, қамоқда. Ҳали бирор марта унга амнистия қўлланилмаган. Мамлакат мустақиллигининг 15 йиллиги муносабати билан авф тўғрисидаги қонун асосида ҳам амнистияга туширилмади. Унинг гуноҳсизлигини исботлаш учун оқловчи ололмадик, биз бир камбағал фуқаромиз”, - деди кўзларига ёш олиб аёл.

Намойиш узоқ давом этмади. Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ҳамда Исмоил Сомоний тумани ички ишлар бўлими ходимлари митингчиларни машинага тиқиб, ИИБ томон олиб кетди.

Сал ўтиб, ҳуқуқ-тартибот органлари намойишчилар огоҳлантирилгандан сўнг қўйиб юборилганини маълум қилди.

Милиция ходимлари кўзидан яшириниб қолган намойишчилардан бири Ҳуснаро Аҳмад БМТ бюроси вакили Владимир Сотиров билан учрашишга муваффақ бўлди.

Ҳуснаро Аҳмаднинг сўзларига кўра, В.Сотиров Тожикистонда миллий яраш битими имзоланганининг ўн йиллиги муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган анжуманда маҳбусларнинг яқинлари арзини президент Имомали Раҳмонга етказишни ваъда қилган.

Қамоққа ташланган собиқ мухолифат аъзоларининг оналари томонидан тузилган “Орзу” қўмитаси раисаси бўлган Ҳуснаро Аҳмад Тожикистонда тинчлик ўрнатилганининг ўн йиллигига бағишланган тантаналарида маҳбусларнинг волидалари хурсандчилик қила олмаслигини айтди.

“Тожиклар онаси кўз ёш тўкар экан, фарзандлари қамоқхоналарда қолар экан, мамлакатда ҳақиқий хурсандчилик, байрам бўлиши мумкин эмас”, - деди Ҳуснаро хоним.
XS
SM
MD
LG