Линклар

“Фридом ҳаус” Ўзбекистонни яна матбуоти эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшди

  • Озодлик

АҚШнинг “Freedom house” нодавлат ташкилоти 21 июнь куни МДҲ мамлакатларидаги оммавий ахборот воситалари аҳволига оид янги ҳисоботини эълон қилди.

“Ахборот воситаларини жиловлаш: Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига цензуранинг қайтиши”, деб номланган ҳисоботда Ҳамдўстлик мамлакатларининг аксариятида мустақил ахборот воситалари ҳукуматлар томонидан жорий қилинган назоратнинг янгича усулларидан азият чекаётганидан хавотир билдирилган.

Ҳисобот “Дунё давлатларида мустақил ахборот воситалари эркинлиги тўғрисида”ги тадқиқот натижалари асосида тайёрланган.

Ташкилот раҳбари Женнифер Виндзорнинг айтишича, МДҲ мамлакатларида Совет Иттифоқи давридаги каби ахборот воситалари устидан ҳукуматнинг тўлиқ назорати ўрнатилган бўлмаса-да, ўрнига янгича кўп томонлама зарарли усуллар қўлланилмоқда.

Ҳисоботда Ҳамдўстликнинг муайян давлатларида мустақил ахборот воситалари аҳволи ёмонлашгани борасида ташвиш билдирилган.

“ МДҲда матбуот эркинлиги борасида ўтказган тадқиқотларимиз натижалари бу тузилма давлатлари дунёдаги матбуот эркинлиги ёмон бўлган ҳудудлардан эканини кўрсатди. Биз қонунчилик, иқтисодий ва сиёсий жиҳатларни назарга олган ҳолда шундай хулоса чиқардик”, - дейди “Фирдом ҳаус” ташкилотининг тадқиқотлар бўйича раҳбари Кристофер Уолкер.

Ташкилот ҳисоботига кўра, МДҲнинг 12 аъзосидан 10 таси матбуоти эркин бўлмаган, иккитаси матбуоти қисман эркин давлатлар гуруҳига киритилган. Ҳамдўстликнинг айрим давлатларида шундоқ ҳам ёмон бўлган матбуот эркинлиги сўнгги уч йил давомида янада ёмонлашган.

“Ўзбекистонда ҳам вазият шундай. Совет Иттифоқи парчалангандан кейин биз ўтказиб келган тадқиқотларнинг ҳаммасида Ўзбекистон матбуоти эркин бўлмаган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаб келди. Бироқ сўнгги уч йил давомида шундоқ ҳам ёмон матбуот эркинлиги вазияти янада оғирлашган. Ўзбекистон дунёдаги матбуот эркинлиги жуда ёмон бўлган давлатлар қаторида қолмоқда”, – дейди Кристофер Уолкер.

Ҳисоботда МДҲ мамлакатларида қонун устиворлиги таъминланмагани ва ҳимоя қилувчи қонунлар бўлмагани учун МДҲ журналистлар учун хавфли ҳудуд бўлиб қолаётгани билдирилган. Ҳамдўстликнинг деярли барча давлатларида журналистлар таҳқирланмоқда, ёлланма қотиллар қурбони бўлмоқда ёки шубҳали вазиятда ўлмоқда.

“Озодлик уйи” ҳисоботига кўра, фақат Россиянинг ўзида Владимир Путин етти йил олдин президент этиб сайланганидан бери йигирмадан ортиқ журналист ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG