Линклар

НАТО ҳарбийлари ҳаво зарбасидан тинч афғонлар ҳалок бўлди


Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида НАТО ҳарбийларининг ҳаводан берган зарбаси оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 25 киши ҳамда 20га яқин жангари ҳалок бўлди.

Ҳилманд вилояти полиция бошқармаси раҳбари Муҳаммад Ҳусайннинг айтишича, полиция ходимларига ҳужум қилган жангарилар маҳаллий аҳоли хонадонларига кириб беркинган. Уларга берилган ҳаво зарбасидан эса тинч аҳоли вакиллари, жумладан, аёллар ва болалар ҳам ҳалок бўлган.

НАТО қўмондонлиги жангариларга ҳаво зарбаси берилганини тан олди, лекин бу зарбадан тинч аҳоли вакиллари ўлгани ҳақидаги маълумот текширилаётганини билдирди.

Шунингдек, Дания қўшинлари қўмондони генерал Дик Берлижин “Толибон” жангарилари ўзлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган тинч аҳоли вакилларини ўлдираётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, даниялик ҳарбийлар бир ҳафта муқаддам Афғонистон ҳукумати кучлари билан биргаликда 500га яқин жангарига қарши амалиётлар ўтказган. Ўшанда толиблар тинч аҳоли вакилларини ўзларига кўмак беришга ундаган, ҳамкорлик қилишдан бош тортганларни эса отиб ташлаган.
XS
SM
MD
LG