Линклар

Ўзбекистон президенти сайлови 2007 йилнинг 23 декабрида ўтказилиши айтилмоқда. Агар шундай бўлиб чиқса, сайлов ўтадиган санага 23 июнь куни роппа-роса олти ой қолди.

Ғарб демократияларида президент сайловига тайёргарлик бир неча ой эмас, бир неча йил аввал бошланади, бироқ Ўзбекистонда бундай катта сиёсий кампанияга 6 ойгина муддат қолганига қарамай, расмий Тошкент сайлов тўғрисида ҳалигача оғиз очгани йўқ.

Лекин мухолифатдаги партиялар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу масалани кун тартибига чиқарганига анча бўлди. Ҳатто камида уч фуқаро бўлғуси сайловда президентликка номзод сифатида иштирок этмоқчи экани тўғрисида эълон қилганигаям бир неча ой бўлиб қолди.

Сайловга 6 ой қолган кунда сайловда президентликка номзод сифатида иштирок этмоқчи бўлаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдулло Тожибой ўғли “Озодлик” мухбирининг бир неча саволларига жавоб берди.

Унинг айтишича, ўз номзодини президентликка кўрсатмоқчи эканини эълон қилганига уч ой бўлган ва ҳозир ҳам бу ниятидан қайтмоқчи эмас.

“Бу муддат ичида сайловолди дастурим устидаги ишларимни давом эттирдим. Йўқ, албатта, ниятимдан қайтганим йўқ. 22 июнь куни Марказий сайлов комиссиясига ҳам бориб келдим. 6 ой қолди сайловга, кампанияни бошлай деяпсизларми, деб сўрамоқчи эдим. Комиссиянинг барча аъзолари Сенатда, бошқа куни келинг, деб жавоб беришди”, - дейди А.Тожибой ўғли.

Марказий сайлов комиссияси сизни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказишига ишонасизми, деган саволга жавоб берар экан А.Тожибой ўғли: “Ўзбекистондаги шароит ҳаммага маълум. Жамиятимиз диктаторлик жамияти эканининг яширадиган жойи йўқ. Конституцияни хоҳлаган пайтларида ҳохлаганларича ўзгартиришлари, янги-янги тўсиқларни ясашлари мумкин. Бор тўсиқлардан бири президентликка номзоддан 1,5 миллион фуқаро имзосини йиғиш талаб этилишидир. Бу талаб давлат амалдорларига, рўйхатдан ўтган партиялар олдига қўйилмайди. Менга ўхшаган мустақил ёки мухолифатдан кўрсатиладиган номзодлардангина талаб қилинади. Шундан маълум бўлмаяптими, мени рўйхатдан ўтказиш-ўтказмасликлари?” - деди.

Унда нега бу ишни бошлаяпсиз, балки шу баҳона танилиб олмоқчидирсиз?

“Биринчидан, Ўзбекистон фуқароси сифатида Конституцияда белгилаб қўйилган сайлаш ва сайланиш ҳуқуқимдан фойдаланмоқчиман. Қолаверса, Ўзбекистон халқига ана шундай ҳуқуқи борлигини эслатиб қўймоқчиман, холос”, - деди А.Тожибой ўғли.
XS
SM
MD
LG