Линклар

logo-print

ЕИ аъзолари янги шартнома хусусида келишувга эришди

  • Ҳасанжон

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларининг Брюсселда ўтган саммитида тузилма конституцияси ўрнига тақдим этилган янги шартнома лойиҳаси борасида келишувга эришилди.

Икки кун давом этган қизғин сўзлашувлардан сўнг 23 июнь куни эрталаб эришилган келишувга мувофиқ ЕИнинг амалга тадбиқ этиш режаланган конституцияси асосий бандлари сақланиб қолади. 2005 йилда ўтказилган референдумда Франция ва Нидерланлия фуқаролари ЕИ конституциясини қабул қилишни рад этган эди.

Брюссел саммитида ЕИда узоқ муддатга президент сайланиши, ЕИ давлатлари қарашини дунё саҳнасида тўлиқ ифода қилиш учун тузилма ташқи сиёсатига мутасадди раҳбар салоҳиятини, шунингдек, Европа ва миллий парламентлар ролини оширишга келишилди.

Саммитда асосий тўғаноқ бўлган янги овоз бериш тизимини амалга жорий қилиш 2009 йилдан 2017 йилга кечиктирилди. Польша ислоҳ қилинган овоз бериш тизими Германия каби катта давлатларга устунлик бериши хусусида жиддий ташвиш билдирган эди. ЕИга раислик қилаётган Германия эса келишувга Польша иштирокисиз эришиш билан таҳдид қилди. Ниҳоят Франция президенти Николя Саркози воситачилигида томонлар муросага келди.

“Саммитга хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бу ерда ютган ва ютқизганлар бўлмади. Европа қайта ишга киришди. Вазифа ва мақсад аниқ, муддат белгиланган. Бу Европанинг кўп йиллар давомидаги энг муҳим саммити бўлди”, – деди Франция президент.

Келишувга эришилгандан сўнг Польша президенти Лех Качинский энди Польша Франция, Буюк Британия ва Германия билан ҳамкорликни яхшилаш имкониятига эга эканини айтди. Польша ташқи ишлар вазири Анна Фотига ҳам “оғир сўзлашувлар”дан кейин Варшаванинг мавқеи ошганини таъкидлади.

Буюк Британиянинг келаси ҳафтада лавозимини тарк этадиган бош вазири Тони Блэр ҳам саммит натижаларидан қониқиш ҳосил қилди.

“Конституция бўйича келишув бир чеккага суриб қўйилди. Биз оддий келишувларга қайтдик. Биз британияликлар ўз позициямизни сақлаб қолишимиз учун зарур бўлган тўртта масала бўйича ижобий жавоб олдик”, - дея баёнот берди Тони Блэр.

Буюк Британия ўз ташқи сиёсати, адлия ва полиция, солиқ ва ижтимоий ҳимоя тизими ва ЕИнинг фундаментал ҳуқуқлар ҳақидаги хартияси бажарилишини ўзи назорат этишни талаб қилган эди.

Германия канцлери Ангела Меркел энди ЕИ шартнома ишлаб чиқадиган ҳукуматлараро анжуманга “батафсил ва аниқ мандат” тақдим этишини билдирди ва ЕИнинг кенгайиши янги шартномага боғлиқ эканини таъкидлади.

“2009 йилда шартномага эга бўлишимиз ЕИнинг янада кенгайиши учун йўл очади. Ницца келишувида 27 давлат имкониятлари кўпаймаган ва иттифоқнинг кенгайишига имконият яратмаган эди. Шу боис, биз тезроқ ҳаракат қилиш кераклигини айтдик”, - деди Ангела Меркел.
XS
SM
MD
LG