Линклар

Бой беванинг кейинги қадами қандай бўлади?


Қозоғистон президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева айни пайтда турли жиноятларда айбланиб устидан жиноят иши қўзғатилган эри Роҳат Алиев билан ажрашганини расман тасдиқлади.

Гарчи бу ҳақдаги маълумот хорижий оммавий ахборот воситаларида анча илгари тарқатилган бўлса, Қозоғистон томони шу пайтгача жим эди. Д.Назарбоеванинг бу хабарни тасдиқлагани масалага анча ойдинлик киритди.

“Қозоғистоннинг сиёсий-ижтимоий тизимини яратишда танлаб олинган янги модел сўзсиз сиёсий ислоҳотларни талаб этади. Уларни самарали ўтказиш учун эса биз тинимсиз меҳнат қилишимиз керак”, - деди ҳукуматпараст “Нур Отан” партияси раиси ўринбосари, парламент депутати Дариға Назарбоева “Қозоғистон тудей”га берган интервьюсида.

Роҳат Алиев устидан жиноят иши қўғатилгандан бери бу Д.Назарбоеванинг журналистларга берган илк интервьюсидир ва суҳбатда у эри билан ажрашганини расман тан олган.

Парламент депутати Серик Абдураҳмонов фикрича, Р.Алиев ва Д.Назарбоева муносабатлари қандай бўлмасин, президент оиласида содир бўлаётган воқеаларга халқнинг ўзи баҳо беришини керак.

“Энг адолатли қарорни фақатгина халқ қабул қила олади. Д.Назарбоева авваламбор сиёсатчи. Ҳар бир сиёсатчининг босаётган қадамини халқ баҳолайди. Кимнинг ким эканини қозоғистонликлар ҳал қилиши керак”, - дейди депутат.

Сиёсатчи Машан Аспандиёрова эса Д.Назарбоева кўп йиллар давомида эри билан бир бизнесни юритиб келгани, шу сабабли у ҳам Р.Алиев билан биргаликда суд олдида жавоб бериши кераклигини айтади.

“Президент оиласи билан боғлиқ шов-шувли хабарлар халқ эътиборида бўлиб келмоқда. Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви содир этган разил ишлар жамоатчиликка аён бўлаётир. Д.Назарбоева Р.Алиев билан 20 йилдан ошиқ бир ёстиққа бош қўйиб келган. Наҳотки эрининг разил ишларидан унинг хабари бўлмаган? Бунга ишониш қийин. Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари президент қизини ҳам жавобгарликка тортиши керак. У кимнинг қизи бўлишидан қаттий назар, қонун олдида жавоб бериши ўринли, деб ҳисоблайман”, - деди М.Аспандиёрова.

Сиёсатшунос Жасарал Қувониш ўғлининг таъкидича, Дариғанинг парламент сайлови олдидан ОАВга интервью бериши унинг сиёсий ўйинларда иштирокини давом эттиришидан даракдир.

“Қозоғистон парламентига сайлов ҳам яқинлашиб қолди. Аввалги парламент тарқатиб юборилди. Д.Назарбоева путур етган обрўсини қайта тикламоқчи. Шу сабабли у ахборот воситалари билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилади. Унинг эри билан ажрашгани факт. Дариға эридан юз ўгириб, отаси билан қолди. Энди Нурсултон Назарбоев сиёсати учун хизмат қилишдан бошқа йўл йўқ бу аёл учун”, - деди сиёсатшунос.

Таниқли мухолифатчи Олтинбек Сарсенбоев номидаги жамғарма мутахассиси Айдос Саримов эса Д.Назарбоева парламент сайловида иштирок этмай, путур етказилган сиёсий обрўсини тиклашга уринишини тахмин қилди.

“Мен Дариғанинг ҳозирги ҳаракатларидан бироз ҳайронман. У эри билан ажрашгани, бундай ечимни қабул қилиш унинг учун жуда оғир ва азобли бўлганини айтмоқда. Аммо телевидениенинг қайси каналини ёқма, Назарбоеванинг ашуласини эшитасан. Бу билан у эридан қутулганини нишонлаяптими ёки азоб чекяптими, билиш қийин. Менимча, Дариға Назарбоева “Нур Отан” партияси таркибида бу сафарги парламент сайловида иштирок этмайди. Халқ ичига кириб бориш, турли хайрия дастурларида иштирок этиш орқали путур етган сиёсий имижини тиклашга ҳаракат қилади”, - деди А.Саримов.
XS
SM
MD
LG