Линклар

Ўзбекистондаги “Ёшлар” радиоканалининг яқинда тайинланган янги раҳбари устидан шикоят билан Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлигига мурожаат қилган ўн беш журналист сиқувда қолди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон радиоси ходимларининг айтишича, “Ёшлар” телерадиоканали раҳбари катта йиғилиш ўтказиб, радио ҳозирги шаклда ишини давом эттириши, “ахлат титадиган” журналистлар эса ишдан бўшатилишини айтиб таҳдид қилган.

“Ёшлар” радиосининг 15 ходими каналга тайинланган янги раҳбар Қаҳрамон Ашуров диний, тарихий мавзудаги барча туркум эшиттиришларни тўхтатгани, ҳатто давлат дастурлари бўйича тайёрланадиган жиддий таҳлилий рукнларни тақиқлаб қўйгани ва муттасил цензура ўрнатганидан арз қилган эди.

“Ёшлар” радиоси раҳбарлари “Озодлик” мухбирининг бу борадаги саволларини жавобсиз қолдирди. Радиоканалнинг микрофонга гапиришни истамаган масъул муҳаррири эса бунинг сабабини бу масала радиоканалнинг “мутлақ ички иши”лиги билан изоҳлади.

“Ёшлар” телерадиоканалининг 15 ходими арз қилиб ўз идорасининг юқори раҳбариятига эмас, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилди. Бунинг устига, улар ички тартибдан эмас, цензурадан арз қилди. Энг муҳими, арз қилгувчилар тўқимачилик комбинати ходимлари эмас, балки ташкилот низомида белгиланганидек, “мамлакатни демократик янгилаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, умуминсоний қадриятларни тарғиб қилишдек” улкан вазифаларга масъул қилинган радиоканал журналистлари экани инобатга олинса, наҳотки бу “Ёшлар” радиосининг ички иши бўлса, деган ҳақли савол туғилади. Аммо радиоканал масъуллари бу саволга ҳам жавоб беришни истамади.

“Ёшлар” радиоси раҳбариятининг бу сукути цензурадан норизо бўлиб, охир-оқибат бош кўтарган журналистлар ҳақ экани исботидир, деб баҳолади радиоканалнинг эндиликда собиқ ходимларидан бири.

Унинг таъкидлашича, ўз вақтида мамлакатдаги ҳар турли фикрлар - хоҳ мақтов, ҳоҳ танқид учун ҳаминқадар минбар бўлиб турган “Ёшлар” радиоканали янги раҳбар тайинлангандан сўнг мутлақ кўнгилочар радиога айланган.

“Ҳозир бирорта тематик эшиттириш қолмади. Кун давомида фақат қўшиқ, тингловчилар йўллаган “смс”ларни ўқиш ва уларга яна қўшиқ қўйиб бериш билан эфир вақти ўтяпти. Ҳатто бу радиоканал очилаётган вақтда қўйилган давлат буюртмалари асосида ташкил этилган эшиттиришлар ҳам деярли қолмаган. Кулгилиси, қолган енгил-елпи эшиттиришлар ҳам цензурадан ўтмагунча эфирга узатилмайди”, - деди радионинг собиқ ходими.

Бу журналистнинг сўзларига кўра, радиода муҳаррир, масъул муҳаррир ва бош муҳаррирлар иштирокида тўпланадиган кичик гуруҳ эфирга узатиладиган ҳар қандай тематик эшиттиришни чиғириқдан ўтказади. Матни обдон текширилган, аввалдан магнит тасмага туширилган ва бу гуруҳ қўлига тушгунга қадар қисқариб-қисқариб, 3-4 дақиқалига айланган эшиттиришнинг сўнгги тақдири радиоканал директори ўринбосари ихтиёрида қолган.

Журналист бундан 6 йил муқаддам - “Ёшлар” радиосида ижтимоий, иқтисодий, сиёсий мавзуларда жиддий таҳлилий-танқидий эшиттиришлар бериладиган вақтларда - тошкентлик оддий тингловчилардан бири ижтимоий мавзудаги жонли мулоқотга телефон орқали боғланиб, кутилмаганда берган саволини эслади.

“Оддий бир тингловчи: “Ислом Каримов ноннинг баҳосини оширмайман, деган эди. Нон қимматлади, тирикчилик оғирлашди. Нега президент ўз ваъдаси устидан чиқмади?” дея савол берган эди ўшанда. Студияга таклиф қилинган сиёсатшунос эса жуда ўринли жавоб бериб, вазиятдан чиққан эди. Аслида бундай мулоқотлар танқиддан ўлгудай қўрқадиган раҳбарлар зарарига эмас, фойдасига хизмат қилади-ку! Ҳозир танқидий нари турсин, ҳатто маърифий-тарихий эшиттиришлар ҳам эфирдан олиб ташлашган”, - дейди радионинг собиқ ходими.

Ўзбекистонда цензура расман бекор қилинган бўлса-да, аммо ҳар бир оммавий ахборот воситасида унинг ўрнини қойиллатиб тўлдириб турувчи тақиқ механизми борлиги, журналистларнинг ўзида ҳам ички бир қўрқувнинг кучли эканини мамлакатдаги мустақил журналистлар, халқаро ташкилотлар муттасил эътироф этиб келади.

Аммо шу вақтгача бу ҳақда цензура қилинаётган маҳаллий журналистнинг ўзи жуда кам сўзлаган эди. “Ёшлар” радиосининг исми-шарифи ҳануз ноаниқ 15 журналисти эса илк бор ўз норозилигини ошкор билдириб, ҳуқуқ-тартибот органларига арз қилди.

Ўзбекистон радиосининг ўзини Зулфиқор Насимов, деб таништирган ходими бу воқеани ўзбек журналистларининг сўз эркинлиги ва ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси йўлидаги кичик бир исёни, деб атади. У канал муҳаррирларининг “сиёсий ҳушёр” таҳрири радиоэшиттиришларни мантиқсиз қайчилашгача бориб етгани “Ёшлар” радиоси журналистларининг тоқатини тоқ қилганини таъкидлади.

“Аслида бу кичкина гап эмас - катта бир исëн бу. Йигирмага яқин журналистнинг юқорига шикоят билан чиқиши ўша жойдаги вазиятнинг издан чиққанидан дарак беради. Ўта “ҳушёр” журналист-раҳбарлар ҳатто “Оллоҳ”, “парвардигор”, “пайғамбар”, “намоз” каби сўзларни ҳам эфирдан олиб ташламоқда. Телекомпания раҳбарларидан бири Хуршид Давроннинг “Улуғбек” радиопостановкасида “Али Қушчи узоқдан азон овозини эшитди”, деган жой бор эди. Х.Давроннинг ўзи ўша жойини қисқартириб берди”, - дейди З.Насимов.

Ўзбекистон радиоси ходими “Ёшлар” радиоканалидаги бугунги вазиятни ўтган асрнинг 37-йилларидаги қатағонга қиёсламоқда.

Унинг билдиришича, цензурадан норизо бўлиб, охир-оқибат гапиришга қарор қилган 15 журналистнинг кейинги фаолияти қил устида турибди. Радиоканал раҳбарияти тепадан муаммони тезда бартараф қилишга кўрсатма олган ва радио ходимларининг айтишича, бу кўрсатманинг ижроси ўша арз қилинган раҳбар Қаҳрамон Ашуровга топширилган.

“Ёшлар” радиоси ходимларининг цензарага қарши бош кўтаргани ҳақида эшитган “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ бундан 23 йил аввал ҳам Ўзбекистонда худди шундай жараён кузатилганини эсга олди. 1984 йилда “Оллоҳ”, “парвардигор”, “пайғамбар”, “намоз” каби сўзлар газеталардан, китоблардан ва эфирдан олиб ташланган ва бундан норизо бўлган 56 ёш ижодкор Кремлга мактуб йўллаган эди, деб эслайди Муҳаммад Солиҳ айрим мухолифат сайтларида чоп этилган мақоласида ва қуйидагича ёзади:

“Ажабо, тарих такрорланаяптими?.. Бутун халқ нима бўларкин, деб сукут ичида кутар экан, дафъатан “бир ҳовуч” ёш шоир чиқиб, бу хуруж қаршисига бир нав ниҳол каби тикилганди... Уларни “бир ҳовуч” деб атаганларнинг кўзида улар бир ҳовуч эмас эди. Улар 20 миллионлик бир халқнинг номуси учун майдонга чиққан фидоийлар эди... Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг қора рўйхатига тушган бу 56 та ёш шоир Кремлга ёзган мактубида миллий қадриятларга қарши бошланган кампанияга кескин норозилик билдирганди. Бу мактуб Ўзбекистоннинг истиқлолига қўйилган илк одим эди.

Ватанимиздаги сиёсий вазият 84-йилнинг айни ўзи...”
XS
SM
MD
LG