Линклар

Тожикистонда суд-ҳуқуқ ислоҳоти бошланмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ҳибсга олиш учун санкция бериш ҳуқуқи прокуратурадан судларга ўтказилди. Бу борадаги ислоҳотлар суд ҳокимияти тизими мустақиллигини кучайтиришга қаратилган.

Куни-кеча Тожикистон президенти Имомали Раҳмон суд-ҳуқуқ ислоҳотига оид дастур тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Тожикистон президенти тасдиқланган янги дастурнинг ўзига хослиги шундаки, энди гумонланувчи фақат суд қарори билан ҳибсга олинади. Тожикистон суд тизимида 1935 йилдан буён илк бор ана шундай тартиб йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ ислоҳоти дастурида мамлакат божхона, солиқ идоралари ваколатларини қисқартириш назарга олинган. Дастур доирасида тегишли қонунлар ҳам такомиллаштирилади.

Тожикистон Конституциявий суди раиси Ҳизбуллоҳ Хожаев суд тизими ислоҳотига оид янги дастурнинг қабул қилинганини яхшилик аломати, деб баҳолади.

“Биз масала бу тарзда ҳал қилинганини олқишлаймиз. Фақат судларгина фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қила олади. Бу судларга хос вазифа. Бошқа идораларга фуқароларни ҳибсга олиш ёки озодликдан маҳрум этиш ҳуқуқи берилмаслиги керак”, - деди Ҳ.Хожаев.

Ҳуқуқшунос Шуҳрат Қудратов халқаро меъёрларда ҳибсга олиш ваколати фақат судларга берилгани, Тожикистон эса эндигина бу ҳақдаги ҳужжатни қабул қилганини таъкидлади.

“Ҳозирга қадар Тожикистонда санкция бериш прокуратура ихтиёрида қолмоқда, бу эса халқаро меъёрларга зиддир. Биз айнан шундай ҳужжатни бир неча йил илгари тайёрлаб, парламентга таклиф қилган эдик ва ўшанда бу ҳужжат ратификация қилинган эди”, - деди мустақил ҳуқуқшунос.

“Озодлик” мухбирининг Тожикистон Бош прокуратураси ва Душанбе шаҳри прокуратураси масъулларининг янги дастурга оид фикрларини билишга уринишлари натижа бермади.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура масъулларидан бири “Озоди” радиоси мухбири билан суҳбатда мазкур дастурга оид олти саҳифадан иборат таклифларини президент девонига йўллаганини, аммо дастурда бу таклифлар инобатга олинмаганини маълум қилган эди.

Дастурга кўра, бундан буён ҳайдовчиларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам судлар ихтиёрига ўтади.

Тожикистон Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги ходими Алиакбар Абдуллоев фикрича, янги дастур куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар ишини бир қадар бўлса-да, осонлаштиради ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоялаш сифати ҳам яхшиланади.

Бироқ оддий фуқаролар ўта коррупциялашган тожик жамиятида санкция бериш ваколатини бир идора ихтиёридан иккинчисига берган ислоҳотлар амалда ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини, аввало, ишни айнан коррупцияга қарши курашни кучайтиришдан бошлаш зарурлигини таъкидламоқда.

Суд тизими ислоҳотига оид дастурнинг тўла матни ҳали оммавий ахборот воситаларида расман эълон қилингани йўқ. Аммо шуниси аниқки, суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари дастури 2012 йилгача мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG