Линклар

logo-print

Кана чақишидан одамлар ўлмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарга кўра, сўнгги икки ой давомида мамлакатда геморрогик безгакка чалиниш билан боғлиқ беш ҳолат қайд этилган, беморлардан бири вафот этган.

Вазирлик ходими Наврўз Жаъфаровнинг таъкидича, ўта хавфли саналган бу касаллик иқлими ўта иссиқ туманларда кўпроқ қайд этилмоқда. Соғин сигирлар елинига ёпишган кана чақиши оқибатида юқаётган касаллик, айниқса, аёллар ва болалар ҳаёти учун ўта хавфлидир. Бу каналар ёзда кунлар исиши билан янада фаоллашади.

“Бемор ҳолсизланиб, иситмаси кўтарилади, бурун, тиш милкларидан ва ҳатто баданидаги кичик яралардан қон кетади. Касаллик белгилари пайдо бўлиши билан шифокорларга мурожаат этилмаса, бемор ўлиши мумкин”, - деди Н.Жаъфаров.

Унинг билдиришича, ҳар йили мамлакатнинг жанубий туманларида ўндан ортиқ шундай ҳолат қайд этилади ва беморларнинг тахминан ҳар иккитасидан бири ўлади.

Вазирлик вакили касалликнинг олдини олиш мақсадида шу кунларда Рўдакий, Ваҳдат, Файзобод туманлари ҳамда Хатлон вилоятидаги бир қанча туманларда мутахассислар аҳолини эмлаш тадбирларини ўтказаётганини маълум қилди.

Бироқ Рўдакий туманидаги Ўртакенгаш маҳалласи аҳли вазирлик ходимининг бу гапи, юмшоқроқ айтганда, ёлғон эканини билдирди.

Аёлнинг айтишича, Тожикистон мустақил бўлганидан шу кунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги бирор маротаба аҳолини заҳарли каналарга қарши эмлаш ишларини ўтказмаган.

Вазирлик ўттан йили мамлакатнинг 12 фуқароси геморрогик безгак билан оғриганини айтаётган бўлса-да, ўлган беморлар сонини ошкор этаётгани йўқ.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, каналардан заҳарланганлар сони янада кўпроқ бўлиши мумкин. Аксарияти тиббий саводсиз аҳоли вакиллари касаллик юзасидан шифокорларга мурожаат қилмаган бўлиши табиий.
XS
SM
MD
LG