Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:12

18 ўзбек қулликдан қутулди, яна қанчаси...


Россиянинг Орёл вилоятида 18 ўзбек фуқароси қулликдан озод этилди. Орёлдаги жиноятчи тўда ўзбек мардикорларини машина ювиш шахобчасида узоқ вақт қул қилиб ишлатган.

Қулга айлантирилган ўзбеклар Орёл вилояти ички ишлар бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ўтказган амалиëт пайтида қутқарилди.

Бу ҳақда маълумот берган Россиянинг “Труд” газетаси “Орёлдаги жиноий тўда қулдорлик тизимини қайта тиклашга уринди”, деб ëзди.

“Биздаги маълумотларга кўра, Орёл шаҳридаги жиноий доираларда танилган Пригунов шаҳарда бир қанча автомобиль ювиш шахобчаларини очган. Бу шахобчаларга Москвада иш қидириб юрган ўзбеклар олиб келиниб, текин ишлатилган. Уларнинг қўлидаги паспортлари олиб қўйилган ва қочишга уринганлар қаттиқ калтакланган”, - деди Орёл вилояти ИИБ матбуот котиби Марина Костикова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг таъкидлашича, машина ювиш шахобчаларида ўзбекистонлик қуллар куну тун мажбуран ишлатилган.

“Улар эътироз билдирса, қийноққа солинган, масалан, ўзбекларни бўйнидан бўғиб, сувга чўктириб туришган. Оғзи-бурнига сув кириб, беҳол бўлгандан кейин сувдан чиқаришган. Бундай қийноқдан кейин ўзбек қуллари ипакдек юмшоқ бўлиб, машина ювишда давом этган”, - деди М.Костикова.

Оғир меҳнатга чидай олмаган ўзбекистонлик тўрт фуқаро қулдорлар қўлидан қочишга муваффақ бўлган ва ўз тақдирдошлари ҳақида Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Орёл вилояти бошқармасига шикоят қилган.

М.Костикова сўзларига кўра, текширув пайтида жиноятчи тўда қўлида 22 ўзбекнинг қийноққа солиниб машина ювишга мажбур қилингани ўз тасдиғини топган. Текширув пайтида ўзбекларга тегишли қонга беланган кўйлаклар ва паспортлар топилган.

“Ўзбек мардикорларидан 18 нафари қулликдан озод қилинган, улар Ўзбекистонга қайтарилиб юборилади. Хўжайинларидан қочишга муваффақ бўлган тўрт ўзбекни эса ҳозир қидиряпмиз”, - деди М.Костикова.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев Орёл вилоятида ўзбекистонлик 18 киши қулликдан озод этилган бўлса-да, айни пайтда Россиянинг турли ҳудудларида ҳуқуқлардан мосуво минглаб ўзбеклар қул қилиб ишлатилаётганини билдирди.

Қурилишларда руслар томонидан 2,5 ой давомида оғир ишларда қул қилиб ишлатилган ўзбекистонлик Бахтиёрнинг ҳасратидан чанг чиқади.

“Қуллиқда на ҳақ, на ҳуқуқ бор эди. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ходимлари биз мардикорларни узоқдан кўриши билан туйнугини ëпиб қўяди. Биз Ўзбекистонда ҳақсиз бўлганимиз учун ҳам бу ерда ўрисга қул бўлиб ўтирибмиз”, - дейди Бахтиёр.

Бахтиёр ўзбекларнинг Россияда қул бўлишига ижтимоий сабабларни Ўзбекистон режимидан қидирмоқ кераклигини таъкидлади.

“Қулмиз, қул. Агар ҳукумат салгина халқни ўйлаганда биз қул бўлармидик?! Президент сиëсати боис ўзбеклар қулга айланди”, - деди Бахтиёр.
XS
SM
MD
LG