Линклар

logo-print

Қийноқ ҳам сиёсат, бўлганда ҳам изчил сиёсат

  • Абдулла Искандар

Жаҳон ҳамжамияти, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон тергов изоляторлари ва қамоқхоналарида қийноқлар оммавий ва изчил қўлланилаётганини доимо эътироф этиб келади.

БМТ томонидан қийноқ қурбонларини ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланадиган 26 июнь куни бу эътироф яна бир бор исботини топди – ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов Жаслиқ қамоқхонасида бошига газга қарши ниқоб кийдирилиб қийналгани ҳақида хабар тарқатилди.

2002 йилда Ўзбекистонга БМТнинг махсус маърузачиси Тео ван Бовен келиб, мамлакатдаги қийноқлар ҳақида ҳисобот тайёрлаган ва қийноқларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берган эди. Бироқ орадан шунча йил ўтганига қарамай, тавсиялар бажарилмади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубов Ўзбекистон МДҲда қийноқлар мунтазам қўлланиладиган ягона давлат эканини айтади.

Жаслиқ қамоқхонасида қийноққа солингани хабар қилинган А.Фармонов Т.Ёқубовнинг куёвидир. А.Фармонов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими собиқ раиси ҳамдир.

Турмуш ўртоғи Озоданинг сўзларига кўра, эри А.Фармоновга руҳий ва жисмоний қийноқлар қўлланилмоқда. Бошига газга қарши ниқоб кийдирилишдан ташқари, товонига сув тўлдирилган пластмасса идиш билан ҳам уриляпти.

Собиқ маҳбус Абдулла Абдураззоқов ўзбек қамоқхоналаридаги қийнаш усулларидан бири ҳақида гапириб: “Маҳбуслар яланғоч ҳолда қатор қилиб қўйилади. Кейин қамоқхона нозирлари уларни калтак билан уради. Нозирлар маҳкумларни калтаклаш учун энг юқорининг сиёсий иродаси борлигини жуда яхши билади”, - дейди.

2004 йилда Ўзбекистонда қийноқларга қарши давлат дастури мавжуд эди. Ўша пайтда “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳузурида Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қийноқларга қарши курашувчи махсус ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, гуруҳга прокуратура ва ички ишлар органлари билан қийноқлар масаласида ўзаро мулоқотлар ўтказиш, муаммони ҳал этишга ҳаракат қилиш вазифаси юкланган эди. Аммо бу гуруҳ фаолият юргиза олмади.

Т.Ёқубовнинг таъкидлашича, ишчи гуруҳ фаолияти қийноқлар масаласида умуман самара бермаган. Аксинча сўнгги вақтларда мамлакатда қийноқлар янада кучайгани кузатилмоқда. Қийноқлар Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
XS
SM
MD
LG