Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:24

Чегарадаги коррупция қонунбузарликлар кўпайишига йўл очмоқда


Ўзбек-қозоқ чегарасида узоқ йиллар давомида шаклланган коррупция муҳити контрабанда, наркотрафик, ноқонуний муҳожирлик каби қонунбузарликларнинг борган сари кўпайишига сабаб бўляпти.

Айни пайтда бу чегарада энг кўп тарқатган жиноят контрабанда бўлиб қолмоқда.

Қозоғистон Чегара хизмати ходимаси Гулнора Саидаҳметованинг айтишича, куни-кеча ҳам Жанубий Қозоғистон вилояти божхона департаменти ходимлари билан ҳамкорликда йирик контрабанданинг олди олинган. “Камаз” юк машинасида айланма йўллар орқали Қозоғистонга 8 тонна қора металл олиб ўтаётган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Айни пайтда у тергов изоляторида сақланмоқда. Бундан сал олдин ҳам Ўзбекистоннинг бошқа бир фуқароси шунча қора металлни контрабанда йўли билан Қозоғистонга олиб ўтаётгани аниқланган. Аммо бу фуқаро қочиб яширинишга улгурган.

“Чегарада ҳар куни контрабандачилар ушланади. Ҳозир Ўзбекистондан мева-сабзавотларни олиб чиқиш маън этилган. Одамлар эса ниманидир эвазига яшаши керак. Шу сабабли Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонга мева-сабзавот маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб ўтишга ҳаракат қилади”, - деди Г.Саидаҳметова.

Чегарада контрабанда, наркотрафик ва ноқонуний миграция билан боғлиқ қонунбузарликлар кўпайишига чегара ва божхона хизмати ходимларининг ўз ишига лоқайдлиги ва коррупция бунга янада кенгроқ имконият яратаётгани айтилса-да, мазкур хизмат ходимлари бу иддаони рад этади.

“Аввал бундай иш қилган кишининг қўлидан ушлаш керак. Шундагина чегарада коррупция ва ходимларимизнинг ўз ишига лоқайдлигини исботлаш мумкин бўлади”, - дейди чегара хизмати ходимаси Г.Саидаҳметова.

Албатта, чегарадаги назоратчилар бу ердаги коррупцияни инкор этаётган бўлса-да, чегарадан тез-тез ўтиб-қайтишга тўғри келадиган фуқароларнинг айтганлари бу таъкидларнинг аксини кўрсатмоқда.

“Ўзбекистоннинг исталган постида 500 та одамнинг расми ёпиштириб қўйилганини кўрасиз. Постда турган чегарачининг, божхона хизматчисининг мақсади жиноятчини ушлаш эмас. Улар ўзларининг оиласини, бола-чақасини боқиш ташвишида келади у ерга. У ерда олиб ўтадиган одамлар бор. Қўлига паспортингизни берасиз, хизмат ҳақини тўлайсиз. Сиз бирорта назоратдан ўтмаймиз, сизни тўғри машиналар юрадиган йўлдан ёки бошқа жойдан олиб ўтиб қўйишади”, - дейди ўзбекистонлик фуқаро.

Ўзбекистонда диний мотивлар билан таъқиб қилинганини айтган бу фуқаро ўзи ҳам чегарадан пора бериб ўтгани, бунинг учун 50 минг сўм берганини таъкидлади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев икки давлат чегарасидаги бундай ноқонуний ҳамкорлик яқин йиллар давомида долзарблигини йўқотмаслигини айтади.

“Ўзбек-қозоқ чегарасида юзага келган вазиятнинг ҳозирги кўринишга келишига бир қанча сабаблар бор, жумладан, коррупция ҳам. Аммо ўйлашимча, асосий сабаб Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг иқтисодий ривожидаги фарқда. Агар бу икки мамлакат иқтисодиёти тенг ривожланганда эди, ўзбекистонликларнинг яшаш даражаси, маошлари қозоғистонликлар билан баробар ёки уларникига яқин бўлганда эди, чегарадаги ҳозирги вазият ўз ечимини топар эди”, - деди сиёсатшунос.

Унинг назарида чегарадаги вазиятни яхшилашнинг икки йўли бор. Биринчиси Ўзбекистон иқтисодиётини тўла либераллаштириш бўлса, иккинчиси ўта радикал йўлни қўллаш, яъни чегара постларида назоратни ўта кучайтириш ва виза тизимини жорий этишдир.
XS
SM
MD
LG