Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:31

Дунёда шаҳарлашув жараёни тезлашмоқда


2008 йилда жаҳон кўзга кўринмас, лекин муҳим бир босқични босиб ўтади. Инсоният тарихида биринчи марта дунё аҳолисининг ярмидан кўпи шаҳарларда яшай бошлайди.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси 27 июнь куни эълон қилган ҳисоботда айтилишича, келаси йили дунёда шаҳарликлар сони 3,3 миллиард кишини ташкил этадиган бўлса, 2030 йилга келиб бу кўрсаткич 5 миллиарддан ошиб кетади.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси маслаҳатчиси Абубакр Дунгус дунёда урбанизациянинг тезлашгани зудлик билан ечилиши лозим бўлган муаммолар туғдиришини таъкидлади.

“Аҳолининг шаҳарлашаётганини ижобий бир ҳодиса сифатида қабул қила олишимиз учун фикрлашимизни ўзгартиришимиз лозим бўлади. Шаҳарларга кўчиб келаётган аҳолининг қашшоқликка юз тутмаслиги ва жамиятнинг ривожланишига ҳисса қўша олишига имкон яратиш ҳақида ҳозирдан ўйлай бошлашимиз керак”, - дейди БМТ вакили.

Жамғарма ҳисоботида шаҳарлашаётган дунё аҳолисининг аксарияти қашшоқ бўлиши башорат қилинади. А.Дунгус бу муаммо ечилмаса, урбанизациянинг бошланғич босқичида турган ривожланаётган мамлакатлар учун янада жиддий оқибатлар келтириб чиқариши муқаррарлигини айтади.

“Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида аҳолининг шаҳарларга оқиб келиши боис, харобалар пайдо бўлгани гувоҳимиз. Ривожланаётган мамлакатлар бу муаммонинг олдини олиши мумкин. Албатта, шаҳарга кўчиб келаётган ҳар бир кишини уй-жой билан таъминлаш қийин бўлар. Лекин унга ер беринг. Берилган ерларга сув, йўл, электр қувватини ўтказинг ва ҳаёт учун зарур нарсалар билан таъминланг. Одамларга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини беринг. Улар ўзига уй қурсин, уни секин-аста яхшилаб борсин. Шунда ўша харобалар ҳам бўлмайди. Лекин бунинг учун ҳозирданоқ ҳаракат қилиш керак”, - дейди А.Дунгус.

Унинг айтишича, шаҳарларга кўчиб келаётган аҳолини иш билан таъминлаш, уларга ишлаш учун имконият бериш йўлларини қидириш ҳам зудлик билан ҳал этиши лозим бўлган масалалардандир.

Ўзбекистон аҳолиси сони ҳам тез суръатларда ошиб бормоқда. БМТ аҳолишунослик идораси маълумотларига кўра, бугун Ўзбекистон аҳолиси қарийб 28 миллионни ташкил қилади.

БМТнинг дунё аҳолисига оид 2007 йилги ҳисоботининг Ўзбекистон қисми шу йилнинг сентябрь ойида эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.

Ваколатхона ходими Ўзбекистондаги аҳоли масалаларига бағишланган ҳисобот ҳукуматга қарашли ижтимоий-сиёсий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда тайёрланаётганини билдирди.

Ривожланаётган мамлакатлар сирасига кирувчи Ўзбекистонда БМТ кўтараётган муаммолар бўйича нима қилиняпти, деган саволга Ўзбекистоннинг мутасадди идораларидан жавоб олишнинг иложи бўлмади.

Аҳолишунослик жамғармаси ҳисоботида урбанизациядан келиб чиқадиган яна бир муаммо шаҳарга келиб бошпанасиз қолган аҳоли орасида болалар ўлими кўпайиши эҳтимоллари ошиши экани, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бошпанасизлик билан болалар ўлими ўртасида боғлиқлик ишоралари борлиги таъкидланади.

Жамғарма мутахассиси Абубакр Дунгус шаҳарлашув жараёнида оналар ва болалар ўлими эҳтимолларини камайтириш учун соғлиқни сақлаш хизматини яхши йўлга қўйиш ҳам қилиниши лозим бўлган вазифаларидан бири эканини билдирди.

“Ўзига хос муаммолари бўлган ҳар бир давлатда, масалан, оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари юқори бўлган мамлакатларда соғлиқни сақлаш соҳаси келажаги ҳақида ўйлашимиз лозим. Қисқаси, ҳозирдан диққатимизни камбағалларга соғлиқни сақлаш хизматлари етказиш, таълим, бошқарув, уй-жой каби муаммоларга қаратишимиз керак. Бу билан хоҳ Ўзбекистон бўлсин, хоҳ Филиппин бўлсин, оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш ҳамда қашшоқликнинг камайишига ҳисса қўшган бўламиз”, - деди А.Дунгус.
XS
SM
MD
LG