Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:13

Эронда бензин масаласи норозиликларга сабаб бўлди


Эрон ҳукуматининг шахсий автотранспорт воситаларига сотиладиган бензин ҳажмини кескин қисқартириш тўғрисидаги қарори мамлакатда ҳайдовчиларнинг норозиликларини келтириб чиқарди.

Норозилик, хабарларга қараганда, зўравонликка айланиб кетди. Бензин савдосига чеклов эълон қилинган биринчи кундаёқ автомобилларга ёқилғи қуйиладиган бешта шахобчага (АЁҚШ) ўт қўйилди.

26 июнь, яъни эртадан бошлаб бензин тақчил бўлармиш, деган куни ҳар бир АЁҚШ олдида турнақатор бўлган машиналарни кўриш мумкин эди.

Вазиятни ўз кўзи билан кўрганлар дарғазаб ҳайдовчилар АЁҚШларга қарата тош отиб, президент Маҳмуд Аҳмадийнажот шаънига ҳақоратомуз сўзларни айтганини билдирмоқда.

Бундай воқеалар 27 июнь куни нафақат Теҳронда, балки Ахвоз, Исфаҳон, Табриз ва бошқа шаҳарларда ҳам юз берди.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Теҳрондаги тартибсизликлар чоғида бир аёл нобуд бўлган.

Теҳронлик журналист Фарибурз Сорушнинг хабар қилишича, полиция бир неча кишини ҳибсга олган.

“Оломон Теҳрон ва бошқа шаҳарлардаги АЁҚШларда тўпланган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, оломон Қазвин, Шариатий ва бошқа кўчаларда тўпланди. Натижада полиция билан норозилар ўртасида тўқнашувлар юз берди. Ўқ отилди, баъзи шахобчаларга ўт қўйилди”, - деди журналист.

Табризлик журналист Паймон Покмеҳрнинг таъкидлашича, 27 июнь куни кечга яқин шаҳар тинчланган, лекин озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳамда такси баҳоси сезиларли ошган.

Эрон ҳукумати жорий этган меъёрларга кўра, хусусий автотранспорт воситалари эгалари ойига 100 литрдан ортиқ бензин сотиб ололмайди. Такси ҳайдовчилари эса ойига 800 литргина бензин сотиб олиши мумкин. Айтилган меъёрлар давлат субсидиялайдиган, арзон нархдаги бензин учундир.

Бензинни субсидиялаш, уни реал баҳосининг бешдан бирига - бир литрини 1000 риёлдан сотиш ҳукуматга қимматга тушмоқда. 1000 риёл 11 АҚШ центига тенг.

Аҳолига бензинни реал нархда - литрини 5000 риёлдан ҳеч қандай чекловларсиз сотиб олишга рухсат бериладими-йўқми – ҳозирча маълум эмас.

Эрон нефть захираларига бой давлатлардан бири, лекин қайта ишлаш заводлари етарли бўлмагани учун ишлатадиган бензинининг 40 фоизини импорт қилади.

Эроннинг ILNA ахборот агентлиги хабарига кўра, парламентнинг дунёвий позициядаги баъзи депутатлари ҳукуматни жорий этилган чекловларни бекор қилишга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG