Линклар

Россия билан шартнома ўзбек мигрантларига нима беради?

  • Сарвар Усмон

Тошкент Россияда ишлаб юрган фуқароларини Ўзбекистонга қайтаришнинг қонуний асосларни яратмоқчи. Албатта, расмий Тошкент айнан шундай баёнот бергани йўқ, лекин “Новости” ахборот агентлиги 28 июнь куни тарқатган хабарнинг мағзи, москвалик таҳлилчилар фикрича, худди шундайдир.

Хабарга қараганда, Россия ҳукумати ўзининг 28 июнь кунги мажлисида Ўзбекистон билан имзоланажак уч шартнома лойиҳасини муҳокама қилади.

Ҳужжатлардан бири ғайриқонуний миграцияга қарши кураш тўғрисида, иккинчиси мигрантлар меҳнат фаолияти ва ҳуқуқлари ҳимояси тўғрисида ҳамда учинчиси реадмиссия, яъни фуқароларни ватанга қайтариш тўғрисидадир.

Имзоланажак шартномалар ижроси Россия томонидан бу мамлакат Ички ишлар вазирлиги ва Федерал миграция хизматига юклатилган.

Аммо бу идоралардан тўлиқроқ маълумот олишнинг имкони бўлмади. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили миграция хизматига боғланишни маслаҳат берди, миграция хизмати эса яна қайтиб ИИВга йўллади. Бор отангга, бор онангга.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жуда кўп иш қилмоқда. Мазкур ташкилот вакиласи Елена Рябинина ҳали шартномалар матни билан таниш эмаслигини (чунки ҳали улар эълон қилингани йўқ), шунга қарамай, имзоланажак ҳужжатларнинг номиёқ ташвиш уйғотаётганини таъкидлаб: “Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳамкорлиги натижаси ўлароқ фактлардан келиб чиқадиган бўлсак, бу ҳолатда ҳам инсон ҳуқуқларининг оммавий равишда бузилишини кутиш мумкин”, - деди.

У Ўзбекистоннинг сўровига кўра ўзбекистонликларни Россиядан мажбуран, маҳаллий қонунлар ва халқаро меъёрларга зид равишда чиқариб юбориш ҳолатларини бирма-бир санаб ўтди.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев ғайриқонуний миграцияга қарши кураш тўғрисида шартномага муносабат билдириб: “Менимча, бу шартнома, асосан, мухолифат билан алоқаси борларни, сиёсий бошпана сўраб келганларни ерда ушлаб, Ўзбекистонга қайтариш мақсадида қабул қилинаётган бўлиши мумкин”, - деди.

Имзоланиши кутилаётган уч битимдан иккитаси, яъни ғайриқонуний миграцияга қарши кураш тўғрисидаги ҳамда реадмиссия тўғрисидаги шартномалар бир-бирини тўлдирувчи ҳужжатлардир.

Баъзи маълумотларга қараганда, 2-3 миллион фуқароси Россияда тирикчилик ўтказаётган Ўзбекистон учун бундай шартнома нимага керак, деган савол пайдо бўлиши табиий ва юқоридаги суҳбатдошларнинг ташвишларини ана шу иштибоҳ билан ҳам изоҳласа бўлади.

Қолаверса, сўнгги бир-икки ой ичида Ўзбекистон бўйлаб мамлакатдан ташқарида юрганларни ҳисобга олиш бошлаб юборилди.

Имзоланиши кутилаётган учинчи ҳужжат “Мигрантларнинг меҳнат фаолияти ва уларни ҳимоялаш тўғрисида”дир. Лекин бу ҳужжат қабул қилиниши билан Россияда юрган ўзбекистонликлар ҳуқуқлари ҳимоялана бошлайди, дейишга ҳам асос йўқ.

У ёки бу мигрантнинг бошига тушган иш билан қилинган кўплаб мурожаатларга “Озодлик” Ўзбекистоннинг на Россиядаги ва на Қозоғистондаги элчихоналаридан жўяли жавоб олган.

Тошкент Москва билан меҳнат мигрантларига қарши биргаликда курашни кучайтираётган бир пайтда Душанбе билан Бишкек ўз фуқароларини ҳимоя қилиш чорларини кўра бошлаганига анча бўлди.

Москвадаги қирғизистонликларнинг “Олатов” жамоат ташкилоти вакиласи Жамила Бегишеванинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати ўзининг Россиядаги элчихонаси ҳузурида миграция бўйича давлат қўмитаси очган. Қўмита Россия Федерал миграция хизмати билан тиғиз алоқада мигрантлар муаммоларини ҳал қилиш йўлида кўп иш қилмоқда.

Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Россиянинг бир неча йирик шаҳрида очилган консулхоналари ҳам, асосан, мигрантлар муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланади.

Балки 28 июнь куни Россия ҳукумати мажлисида муҳокама қилинган ва Тошкент билан Москва ўртасида имзоланиши кутилаётган уч шартнома ҳам ўзбекистонлик мигрантлар муаммоларини ҳал қилиш учун қабул қилинаётгандир?

Расмий Тошкент бу масаладаги позициясини кескин, яхши томонга ўзгартираётганидан даракдир?

Яна ким билади, дейсиз...
XS
SM
MD
LG