Линклар

Олег Панфилов: “Ўзбекистон” ва “диктатура” – синоним сўзлар

  • Барно Анвар

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган “Пью” тадқиқотлар маркази “Қудратли давлатлардан дунёнинг хавотири ортмоқда” номи остида навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

“Пью” 47 давлат аҳолиси ўртасида ўтказган ижтимоий сўрови ва тадқиқотлари натижасида дунё аҳлининг қудратли давлатлар ва уларнинг етакчиларига нисбатан ҳурмати, ишончи пасайиб бораётганини аниқлади.

Жумладан, дунё давлатларида аксиламерика кайфияти кучаймоқда. АҚШ ва унинг етакчиси Жорж Бушнинг обрўйи сўнгги беш йил ичида мунтазам пастлаб келмоқда. Ж.Бушдан ҳафсаласи бир бўлган респондентларнинг аксарияти бунга унинг маъмурияти юритган ташқи сиёсат, хусусан, Ироқ ва Афғонистонда бораётган урушни нотўғри ҳисоблаши сабаб эканини айтган. Тадқиқот ўтказилган 47 давлатдан 37 таси аҳолисининг аксар қисми шу фикрда ва бу давлатларнинг аксарияти мусулмон давлатларидир. Бу давлатлар аҳли АҚШни дунё учун хавфли мамлакат, деб ҳисоблайди.

Айни вақтда дунё аҳлининг аксар қисми Жорж Бушга рақиб ҳисоблайдиган президент Владимир Путиннинг нуфузи ҳам яхши эмас. В.Путинга ҳурмати энг юқори бўлган Германияда унинг ихлосмандлари сони 2003 йилларда 73 фоиз бўлган эса, ҳозир 32 фоизга тушган. Франция, Испания, Швецияда ҳам аҳолининг 60 фоиздан ортиғи В.Путиннинг ташқи сиёсатини маъқулламайди. Аммо, қизиғи шундаки, бу мамлакатларда аҳолининг аксар қисми, агар таққосланса, дунё равнақи учун В.Путин қўшаётган ҳисса АҚШ президенти Жорж Бушникидан кўпроқ, деган фикрда.

“Пью” ҳисоботига кўра, дунё аҳли ишончи сезиларли равишда ортиб бораётган етакчилардан бири Германия канцлери Ангела Меркелдир. Уни қўлловчилар, айниқса, Европа давлатларида кўпайган. Францияликларнинг 90 фоизи А.Меркелни ҳатто дунёга етакчи бўлгулик сиёсий фигура, деб билади. Германияликларнинг 85 фоизи шу фикрда. А.Меркелга ишончи ортиб бораётган давлатлар орасида Чехия, Словакия, Швеция, Буюк Британия бор. А.Меркелга ишонувчилар сони Россияда ҳам кўпчиликни ташкил этади.

“Пью” тадқиқот ва сўровлар ўтказган мамлакатлар қаторида МДҲдан Россия ва Украина ҳам бор.

“Озодлик” мухбири “Пью” тадқиқоти баҳона Европа ва МДҲ ҳудудидаги экспертларнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва унинг президенти Ислом Каримовнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳақидаги фикрини ўрганди.

“Президент Каримовнинг Ғарбдаги бугунги обрўйи, албатта, жуда паст. Бунга эса ўша машҳур Андижон воқеалари сабаб бўлганини биламиз. Гап шундаки, бу воқеалар Ўзбекистон режими қаттиқ репрессияларга таянган режим эканини ва Каримов ҳукумати ислом экстремизми хавфини рўкач қилиб, ўз қатағон сиёсатини оқлашга уринаётганини Европа жамоатчилигига яна бир карра намойиш қилди”, - дейди Лондондаги Қироллик институти эксперти Юрий Фёдоров.

Унинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари орасида Ғарбда қайсидир даражада нуфузга эга мамлакат ҳозирча Қозоғистон ва унинг етакчиси Нурсултон Назарбоев бўлиб қолмоқда.

“Умуман олганда, президент Назарбоев Ғарбда авторитар режимни тутган етакчилардан бири ҳисобланади. Аммо у ўз ҳамкасби Каримовга нисбатан анча маърифатли, сиёсий мавқеи баланд ва мамлакат ҳукуматини қўлида тутиб туришнинг нисбатан ақлли ва нозик механизмларидан фойдаланадиган, яъни репрессив тузум механизмларини Ўзбекистон раҳбарига нисбатан камроқ қўллайдиган президент сифатида кўрилади”, дейди Юрий Фёдоров.

Россиялик журналист Олег Панфилов Ўзбекистон ва унинг президенти Ислом Каримов нуфузи борасида сўзлар экан, бу ўринда МДҲ мамлакатларига хос бўлган бир жиҳатни назарда тутиш лозимлигини айтади.

“Ўзбекистоннинг МДҲ ҳудудидаги нуфузи алоҳида масала. Яъни бу ҳудудда Ғарбдаги каби мамлакатлар нуфузини демократик принциплар, инсон ҳуқуқлари эмас, балки Кремлга мойиллиги белгилаб беради. Бу борада Ўзбекистон ва унинг раҳбари Ислом Каримов учун жиддий муаммолар йўқ. Аммо дунёнинг Марказий Осиёга яқин давлатлари ва асосан, Ғарбда ҳозир “Ўзбекистон” сўзи, шубҳасиз, “диктатура” сўзи билан ёнма-ён қўлланиладиган бўлган”, - деди Олег Панфилов.

У И.Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Россияда фаоллиги ортаётганини таъкидлар экан, бу ҳаракатлар Каримов ва Ўзбекистоннинг Россиядаги нуфузини оширишга қаратилган, деб ҳисоблашини билдирди.

“Президент Каримовнинг қизи бу ерда жуда фаол ишламоқда. У турли тадбирларда иштирок этади. Қимматбаҳо либослар, серҳашам меҳмондорчилик, аёвсиз сарф-харажатлар. У шу йўл билан Россия элитасини ўзига жалб қиляпти ва ўйлашимча, қайсидир маънода ўз отасининг нуфузини оширмоқчи. Гарчи у интеллектуал қатлам учун диктаторнинг қизи бўлиб қолса-да, пулдор амалдорлар қатламининг яқин дўстига айланиб бораётганини ҳам эътироф этиш керак”,- дейди Олег Панфилов.
XS
SM
MD
LG