Линклар

Бишкек учрашуви: гап йўғида айтилган гаплар

  • Фаррух Юсуфий

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг Бишкекдаги учрашувида жорий йилнинг августида Россия ҳудудида ҳарбий машқлар ўтказишга келишиб олинди.

“Тинчлик миссияси - 2007” номини олган бу каби ҳарбий машқлар кейинги вақтларда тез-тез ўтказиб турилади ва сиёсатшунослар уларни “навбатчи тадбирлар” сирасига қўшган.

Мудофаа вазирлари даражасида ўтган Бишкек учрашувига Ўзбекистон номидан мудофаа вазири ўринбосари Рустам Ниёзов қатнашди.

Тожикистон мудофаа вазири Шерали Хайруллоевнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати Фарғона водийсида “фаол ҳаракатларни бошлаши эҳтимоли бор”лиги ҳақидаги гаплари учрашувда эътибор қаратса арзийдиган кам сонли баёнотлардан бири бўлди. Унинг гапларига қўшимча равишда Ўзбекистон вакили Р.Ниёзов минтақа барқарорлигига ЎИҲдан ташқари “Ҳизб ут-таҳрир” оқими ҳам таҳдид солаётганини қайд этди.

Р.Ниёзов Ўзбекистон бу таҳдидларга қаршилик кўрсатишга тайёрлиги ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик ҳам экстремистик ташкилотлардан келаётган хавфни камайтиришга ҳисса қўшаётганини билдирди.

Минтақадаги барқарорликка асосий таҳдид сифатида кўрилаётган ЎИҲ кейинги ойларда Покистоннинг Жанубий Вазиристон минтақасида катта талафот егани эътиборга олинса, ШҲТ аъзоларининг бундай баёнотларида жиддийлик борми, деган савол туғилади.

Покистонлик журналист, халқаро террорчилик бўйича мутахассис Аҳмад Рашид фикрича, бу баёнотларнинг жиддий эмаслигини Бишкекка йиғилган ҳарбийларнинг ўзи ҳам жуда яхши билади.

“Биласизми, ЎИҲ катта таҳдид солувчи ташкилот бўлмай қолди. Албатта, бу ҳаракат ҳали Покистон ва Афғонистоннинг қабилалар ҳудудида ўз вакилларига эга. Балким унинг баъзи аъзолари Фарғона водийсида кесишадиган Тожикистон, Қирғизистон ва ҳатто Ўзбекистон ҳудудида киришга муваффақ бўлгандир. Лекин, менимча, унинг мавқеи ва салоҳиятини ортиқча бўрттириш Марказий Осиё давлатларининг манфаати учун хизмат қилади. Шу боис, ўзлари ишонмаса-да, бу давлатлар ҳаракатдан келаётган таҳдид ҳақида гапиришдан чарчамаяпти. Бу ташкилот бугун катта таҳдид солмайди ва Марказий Осиё давлатларидаги режимларга жиддий путур етказишга қодир эмаслигини таъкидлаш зарур”, - дейди Аҳмад Рашид.

Бундан ташқари, покистонлик мутахассиснинг таъкидича, яқин ўтмишда Тожикистон расмийлари ЎИҲ таҳдиди ҳақидаги гаплар Ўзбекистон махсус хизматлари уйдирмаси эканини таъкидлаб келгани ҳам бунга далил бўлади.

Москвадаги МДҲ институти Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин эса халқаро террорчилик таҳдиди ҳақидаги баёнотлар халқаро учрашувлар анъанасига айлангани боис, Бишкекка йиғилган вазирлар ҳам анъанага риоя этишга ҳаракат қилган кўринади, деган фикрда.

“Менимча, бугунги воқеликнинг қоидаси бу. Ҳеч бир халқаро ташкилот йўқки, хоҳ у ГУАМ бўлсин, хоҳ НАТО ёки ШҲТ бўлсин, бирор маросим ўтказадиган бўлса, халқаро террорчиликка оид одатий гапларсиз ўтмай қолди. Бугунги кунда халқаро террорчиликка оид баландпарвоз гаплар бундан 20 йил аввал айтиш удум бўлган гапларнинг ўрнини босди, шу боис, ШҲТ учрашувига келган вазирлар ҳам ўзига хос модадан қолмасликка ҳаракат қилди”, - дейди Андрей Грозин.

Унинг сўзларига кўра, айнан шунинг учун салоҳиятига путур етган ЎИҲ ёхуд террорчиликка алоқаси борлиги ҳозирча тасдиғини топмаган “Ҳизб ут-таҳрир” каби ташкилотларнинг таҳдидлари ҳақидаги гаплар ҳозирча бу давлатлар хавф туғдирувчи бошқа ҳаракатларни кашф қила олмагани боис, шунчаки гап йўқлигида айтилган гаплардир.
XS
SM
MD
LG