Линклар

Қозоғистонда “қўлбола” университетлару филиаллар ёпилди


Қозоғистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги комиссияси текширувлари хулосаси асосида мамлакатда 33 та олий ўқув юрти ва олий таълим муассасаларининг 57 та филиали ёпилди.

Юқори малакали ўқитувчилар етишмаслиги ва улардаги таълим дастури умуммиллий таълим стандартларига тўғри келмагани сабабли шундай қарор қабул қилинди.

Ўқув ўринлари нотўғри тақсимланиши, битирувчилар малакасизлиги, абитуриентларда бизнес билан боғлиқ соҳаларга қизиқиш кучлилиги кабилар Қозоғистон таълим муассасаларида жиддий муаммо ҳисобланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассиси Игорь Кимассов мамлакат университет ва институтларидаги ўқув ўринларини тақсимлаш механизми нотўғри эканини таъкидлади.

“Масалан, гуманитар фанларга ихтисослашган ўқув даргоҳларига ажратилган ўринлар техника ва илм-фан билан боғлиқ ўқув юртларидагига нисбатан кўпроқ. Гуманитар факультетларни битирганлар етарли даражада иш билан таъминланмайди. Улар ўз соҳаси бўйича эмас, балки иш берувчи тақдим этаётган жойларга бориб ишлашга мажбур бўлмоқда. Қозоғистонда илм-фан, техника билан боғлиқ соҳаларнинг эътибордан четда қолдирилиши эса саноатнинг тўлиқ йўлга қўйилишига тўсиқдир”, - деди И.Кимассов.

Ўтган ҳафтада Қозоғистонда олий ўқув юртларига кириш давлат имтиҳонлари тугади. Шу муносабат билан маҳаллий матбуотда диплом ҳозирги ёшлар ҳаётида қандай роль ўйнаши, олий маълумот ҳақидаги диплом билан яхши иш топиш муаммолари каби мавзуларда мақолалар чоп этилди. Дарҳақиқат, бугун ёшларнинг ўзи ҳам бу борада бош қотирмоқда.

“Ҳозир Қозоғистонда олий ўқув юрти дипломига эга киши хор бўлмаслиги аниқ. Дипломли ёшлар ўз кучини турли соҳаларда синаб кўриши мумкин. Аммо ёшларимизда ялқовлик хусусияти кўзга ташланади. Ҳукумат ёшлар келажаги учун кўп шароитлар яратмоқда. Бундан фойдаланиб қолиш керак. Масалан, қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистон ёшлари билан таққослаганда бизнинг ёшлар карьера борасида катта имкониятларга эга”, - дейди қозоқ-немис университети талабаси Олег.

“Жас алаш” ёшлар газетаси ўтказган сўровномада қатнашган қозоғистонлик ёшларнинг аксарияти дипломга эга бўлмай ҳам мўмай даромад топиш мумкин, дея фикр билдирган.

Аммо талаба йигит Олегнинг фикрича, дипломсиз кишининг келажаги ҳам йўқ.

“Ҳозир дипломсиз ҳам иш топиш мумкин ва осон. Ёшларнинг хизматидан кўпгина корхоналар фойдаланяпти. Аммо, менимча, бу ўз келажагига енгилтаклик билан ёндашишдир. Ҳа, дипломсиз ҳам иш, мўмайгина даромадга эга бўлишинг мумкин. Бироқ бироз вақт ўтиб, ёшинг улғайганда сен жамиятдаги кераксиз бир буюмга айланиб қоласан. Ҳозир Қозоғистон ёшларининг кўп қисми олий таълимдан юз ўгириб, кўчага, енгил йўл билан иш топишга берилиб кетяпти. Балки таълим соҳасининг сустлиги ёшларнинг ўқишдан кўнгли совушига олиб келаётгандир”, - деди Олег.
XS
SM
MD
LG