Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:24

Муҳаммад Солиҳ: “Ғарб Ўзбекистондаги халқ омилини унутиб қўйган”


14 июнь куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг халқаро муносабатлар қўмитасида инсон ҳуқуқлари масаласи, АҚШнинг Саудия Арабистони, Эрон ва Ўзбекистонга сиёсати мавзуида эшитувлар бўлиб ўтди.

Қўмитанинг республикачи конгрессмен Бил Делаҳант етакчилигидаги гуруҳи вакиллари АҚШнинг номи тилга олинган уч давлат бўйича етакчи таҳлилчилари, шунингдек, “Ҳьюман райтс уотч” расмийсининг маърузаларини тинглади.

“Инсон ҳуқуқлари борасида икки стандартлилик борми? АҚШнинг Саудия Арабистони, Эрон ва Ўзбекистонга нисбатан сиëсати”, деб номланган бу эшитувларда Ўзбекистон бўйича асосий маърузачи Халқаро тинчлик бўйича Карнеги жамғармасининг етакчи таҳлилчиси Марта Брил Олкот бўлди. “АҚШнинг Ўзбекистонга муносабати - икки стандартлилик ëхуд иккинчи тоифалиларга муомалами” номли маъруза ҳозирлаган Олкот АҚШ-Ўзбекистон муносабатларини ўта қайғули, деб баҳолади.

“Бу муносабатларда ҳар икки томон ҳам бир-бирини тушунмади ва бу ҳикоядаги мағлуб на сиëсий-иқтисодий ва на инсоний ҳақларга эга ўзбек халқидир”, - деди Марта Олкот.

Таҳлилчи фикрича, 16 йиллик Америка-Ўзбекистон муносабатлари бу мамлакатни совет замонидан бери ҳеч кимга бермай бошқариб келаëтган Ислом Каримов билан муносабат тарихидир. Ҳокимиятда қолиш асосий мақсади бўлган И.Каримовга Америка иқтисодий ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари, демократияга ҳурмат кўрсатиш шарти билан катта миқдорда молиявий ëрдам берганида Ўзбекистондаги вазият бугунги қадар ëмон бўлмас эди.



“Мен Американинг Ўзбекистонга нисбатан сиëсати узоқроқ муддатда на Ўзбекистон манфаатлари, на АҚШ миллий мақсадлари учун фойда келтирганини кўрдим. Биз Ўзбекистонга таклиф қилган ширинкулча Тошкентдагилар кутган каби катта бўлмади ва шу боис, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари ичидаги аксилислоҳотчилар қўли баланд келди. Шахсан мен агар Америка Ўзбекистонга жозибакор иқтисодий ëрдам пакети таклиф қилганида Тошкент ҳукумати йирик иқтисодий ислоҳотлар ва мўътадил сиëсий ўзгаришларни қўллаган ва оддий ўзбекистонликлар ҳаëти ҳозиргидек ночор бўлмаган бўларди, деган фикрдаман”, - деди М.Олкот.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Марта Олкотнинг бу хулосаси у ўзи ачиниб тилга олган оддий ўзбекистонликлар учун фойдадан кўра зиëн етказиши, АҚШ маъмуриятининг Каримов режимига муносиб ëндашув топишини сустлаштириб юборишини таъкидлади.

“Агар Ғарб таҳлилчилари диктатор Каримовнинг табиатини тушунганда эди, Конгрессда бу каби гаплар айтилмаган бўларди. Каримовни пул ёки мақтов билан сотиб олиш жуда қийин. Уни сотиб олиш агар демократияга хизмат қилганда эди, кўп нарса қилиш мумкин бўларди. У пул ёки сиёсий қўллаб-қувватлов учун ўз мансабидан воз кечмайди. Мансабдан кетса, оқибати ўзи учун ёмон бўлишини билади. Шунинг учун Каримов билан муроса имконсиздир. Шуни билганда эди, Америка “ширинкулча ва қамчи” сиёсатини уйғунлаштириш ўрнига унга нисбатан қаттиқ сиёсат юргизган бўларди”, - деди М.Солиҳ.

Конгрессдаги эшитувда ҲРУнинг Вашингтон бўлими раҳбари Том Малиновский ҳам маъруза қилди. У АҚШ-Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари масаласидаги ҳамкорлигига ҳам тўхталди.

“АҚШнинг Каримов режими билан террорга қарши уруш асосида иттифоқчилик қилгани Америка обрўси, бизнинг қонун устиворлиги ва демократик қадриятларни тарғиб қилиш имконимизга жиддий путур етказди. Америка номининг Тошкент ҳукумати ëнида тилга олиниши акс натижа берди. Буш маъмурияти Ўзбекистондан бошқа ерлардаги терроризмга қарши кураш бошлайдиган жой сифатида фойдаланмоқчи бўлди. Бунинг ўрнига маъмурият Ўзбекистон билан муносабатда терроризмга қарши кураш ғалабаси учун лозим бўлган принципларни қўлдан бермаслигини исбот қилиши лозим эди”, - деди Том Малиновский.

Марта Олтот ҳам, Том Малиновский ҳам АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеаларидан сўнг боши берк кўчага киргани ҳақида якдил фикр билдирди. Аммо бу бўҳрондан чиқиш йўли ўлароқ, улар қарама-қарши йўналишни кўрсатди.

Марта Олкот яқин келажакда Каримовнинг сиëсий саҳнадан кетишини кутиш асоссиз эканини айтар экан, билвосита Каримов билан нормал муносабатларни тиклаш таклифини ўртага қўйди.

ҲРУ расмийси эса Вашингтондагиларнинг ўзларини гўë дунëда Ўзбекистон деган давлат йўқдек тутиб, муносабатлар тикланишини Каримов майдондан кетгунча музлатиб қўйиш стратегиясини танқид қилди.

Унинг таъкидлашича, АҚШ Ўзбекистонга ëндашувини фаоллаштириши, ўта кучсиз фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаши, Ўзбекистонга мустақил ахборот киришини тезлатиши ва фақат ҳокимиятдагилар манфаатини нишонга олувчи санкциялар жорий қилиши лозим.

“Эрк” раиси Муҳаммад Солиҳ ҳам АҚШ, қолаверса, бутун Ғарб ҳукуматлари Ўзбекистонда Каримов режимидан ташқари 27 миллионлик халқ ва унинг ҳозирча заиф бўлса-да, мухолифати борлигини англаши ва айни шу халқ ва мухолифатни қўллаши лозим, деган фикрда.




“Ҳозир Ғарб давлатлари халқ омилини мутлақо унутиб қўйган. Улар агар демократия тақдири ўйлаганда эди, Ўзбекистонда халқ ва унинг заиф бўлса-да, мухолифати борлигини билган ва уларни қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат қилган бўларди. Аммо ҳозиргача Ғарбда ўзбек мухолифатини қўллаб-қувватлайдиган бирор лойиҳанинг ўзи йўқ”, - деди М.Солиҳ.
XS
SM
MD
LG