Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:07

Саккиз аёл судланмоқда


Куни-кеча Тошкент вилояти жиноят ишлари судида “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланаётган саккиз аёл устидан суд бошланди. Бу аёлларга Жиноят кодексининг 244-2-прим моддаси қўлланиляпти.

Бу модда диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш ва фаолиятида иштирок этишни назарда тутади.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, бу аёлларнинг уйлари тинтув қилинганда ҳеч қандай варақа ёки “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадор бирорта ҳужжат топилмаган. Шунга қарамай, улар устидан жиноят иши қўзғатилган.

С.Икромовнинг сўзларига кўра, одатда “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорликда айбланаётган аёллар суд мажлисларида “гуноҳлари”ни қисман бўйнига олади. Лекин бу қисман тан олишнинг ҳам тагида гап бор. Зеро, аёллар агар “гуноҳлари”га иқрор бўлмаса, уларга нисбатан бир қанча ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳам қўлланилади.

“Одатда суд мажлислари давомида бундай аёлларга қўйилаётган айблар ўз исботини топмайди. Терговчилар суддан олдин бу аёлларни ҳеч бўлмаса, қисман айбига иқрор қилишга уринади. Лекин ана шу қисман “тан олишлар” ҳам судда ўз исботини топмайди. Судлар эса қораловчи ҳукм чиқараверади”, - дейди С.Икромов.

Унинг фикрича, агар ҳақиқатан ҳам аёллар “Ҳизб ут-таҳрир” ёки бошқа экстремистик ташкилотларга аъзо бўлган экан, демак суд ана шу жиноятни келтириб чиқарган сабабларни очиб ташлаши керак. Аёлларни турли хил муддатларга озодликдан маҳрум этиш орқали бу масалани ҳал қилиб бўлмайди.

Зеро, дейди С.Икромов аёлнинг озодликда қолган фарзандлари ва қариндош-уруғларида жамиятга нисбатан улкан нафрат пайдо бўлади.
XS
SM
MD
LG