Линклар

“Ахси иши” яна чўзиладиган бўлди


Қирғизистон Олий суди 2002 йилда бўлиб ўтган қонли Ахси воқеаси юзасидан очилган жиноят ишини қайта терговга жўнатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Аввалроқ Қирғизистон Бош прокуратураси Ахси воқеаси юзасидан пайдо бўлган янги тафсилотларга таянган ҳолда Олий суддан олти нафар давлат амалдори устидан очилган жиноят ишини қайта кўриб чиқишни илтимос қилган эди. Олий суд йиғилишида иштирок этган жабрланувчилар ҳам Бош прокуратура таклифини қўллаб-қувватлади.

“Аввалги суд йиғилишларида ўқ қўққисдан отилиб кетган, деб ҳукм чиқарилган. Аслида норозиларга қарши ўқ отилган куни милиционерларни шахсан генерал Сариев бошқарган. Бироқ бу шахс бирор марта судга чақирилган эмас, тергов ҳам қилинмаган”, - деди ахсиликлар адвокати Сартбой Жайчибеков.

Айбланувчи томон эса Бош прокуратуранинг Ахси иши бўйича аниқлаган янги тафсилотларини ноқонуний, деб баҳолайди.

Айбланувчилар фикрича, бир неча йил илгари суд улар устидан ҳукм чиқарган. Кучга кирган суд ҳукмини яна қайта бузиш эса мамлакат қонунчилигида кўрсатилмаган.

Жалолобод вилояти собиқ прокурори, айбланувчи Зоотбек Қудайбергенов Олий суд қарорига қарши норозилик намойишлари уюштиришини маълум қилди. Айбланувчи Қубаничбек Тоқобоев эса бир неча йил аввал кучга кирган суд ҳукмини қайта кўриб чиқиш ҳукуматнинг сиёсий буюртмаси билан амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Суд ҳокимиятнинг бир тармоғи сифатида фаолият кўрсата олмаётганини бугунги қарор ҳам кўрсатди. Айни пайтда суд ҳукуматнинг сиёсий буюртмасини бажармоқда ва қонунни оёқ ости қилаётир”, - деди Қ.Тоқобоев.

Мамлакат жамоатчилиги ҳукуматнинг Ахси воқеаларига билвосита алоқадор бўлган юқори мартабали амалдорларини ҳам жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Жамоатчилик босими остида Бош прокуратура бир ой олдин олти йирик амалдор устидан жиноят иши очган. Бироқ тергов жараёни якунланмагани сабабли уларнинг иши судга оширилгани йўқ.

Ахсиликлар маҳаллий амалдорларнинг ишларини қайта-қайта кўриб чиқиш билан ҳукумат олий даражали амалдорлар жиноий жавобгарликка тортилиши олдини олмоқчи, деб ҳисобламоқда.

“Мен бу қарорга чин дилдан ишонганим йўқ. Менимча, ҳукумат Шанхай ҳамкорлиги ташкилотининг Бишкекда ўтадиган саммити арафасида ахсиликларни тинчлантириш учунгина шундай қарор қабул қилди. Бу саммит якунлангач, ҳукумат яна янги найрангларни кўрсатиши мумкин”, - деди ахсилик жабрланувчи Гулбара Аширова.

2002 йил март ойида Ахси тумани аҳли парламент депутати Азимбек Бекназаровнинг сиёсий айбловлар билан қамалишига қарши норозилик намойиши ўтказган эди. Бу намойиш милиция томонидан ўққа тутилиб, олти киши ҳалок бўлган ва юзга яқин одам тан жароҳатланганди. Бу иш юзасидан илгари ўтган суд фақат маҳаллий амалдорларни жазога тортган.
XS
SM
MD
LG