Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:08

Тожикистонда ўзбекистонлик маҳбуслар авф этилди


Тожикистонда қабул қилинган “Авф тўғрисида”ги янги қонунга мувофиқ мамлакат жанубида жойлашган Ёвон қамоқхонасидан озод этилган 154 маҳбус орасида Ўзбекистоннинг уч фуқароси ҳам бор.

Душанбедан 50 километр узоқликда жойлашган бу қамоқхонада турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 380 маҳбус сақланар эди. Уларнинг жами 340 нафарига авф қўлланилди. Шулардан 210 маҳбус бутунлай озод этилади. 130 маҳбуснинг эса жазо муддати тўртдан бирга қисқартирилди. Озод этилган 154 киши эса қамоқдан чиқарилган маҳбусларнинг дастлабки гуруҳидир.

Тожикистон Адлия вазирлиги тасарруфидаги қамоқхоналар бошқармаси вакили Муҳиддин Сабуровнинг билдиришича, амнистия тўғрисидаги қонун кучга киргандан буён Тожикистон қамоқхоналаридан Ўзбекисоннинг 12 фуқароси озод этилган. Ёвон қамоқхонасидан чиқарилган маҳбуслар орасида эса Ўзбекистоннинг уч фуқаросидан ташқари Эроннинг икки ва Россиянинг бир фуқароси ҳам бор.

Тожикистонда тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, 9 ой ўтиргандан сўнг амнистия туфайли озодликка чиққан россиялик Геннадий ҳуқуқ-тартибот идораларидаги тасодифий одамларнинг хатолари туфайли кўплаб одам ноҳақ қамалаётганини билдирди.

“Масалан, менга қўйилган айб билан Россияда фақат жарима тўлаб қутулиш мумкин эди. Аммо Тожикистонда мени асоссиз қамашди, буни биламан. Шунга қарамай, Имомали Раҳмонга (Тожикистон президенти) миннатдорлигимни билдираман”, - деди Россия фуқароси.

Қамоқхоналар бошқармаси вакили М.Сабуров сўзларига кўра, келгуси ҳафтада Душанбедаги тўртинчи ва олтинчи ҳамда Қўрғонтепадаги қамоқхоналардан ҳам амнистияга тушган маҳбуслар озод этилади. Ўта қаттиқ тартибли бу қамоқхоналарда собиқ тожик мухолифати аъзолари ва исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев аскарлари сақланади. Уларнинг қотилликларга бевосита алоқадор бўлмаганларига нисбатан амнистия қўлланиши эҳтимоли бор.

Қайд этиш жоизки, “Авф тўғрисида”ги қонунга кўра, 26 июнь куни “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзолик, наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси каби жиноятларда айбланган ўзбекистонлик 9 жувон Норак шаҳридаги аёллар қамоқхонасидан озод этилган эди.

Тожикистонда “Авф тўғрисида”ги қонуннинг инсонпарварлиги ҳақида қанчалик кўпиртириб гапирилмасин, бу ҳужжат сиёсий маҳбусларга нисбатан қўлланилаётгани йўқ. Фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланиб узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган ва айни пайтда Ёвон қамоқхонасида сақланаётган 40 маҳбус ҳам панжара ортида қолдирилди.
XS
SM
MD
LG