Линклар

logo-print

АҚШ ҳарбийлари яна қовун туширди...ми?

  • Ҳасанжон

АҚШ ҳарбийлари 30 июнь куни Бағдоднинг Садр шаҳарчасида ўтказилган рейдда жангарилар ўлдирилганини билдирган бўлса-да, қурбонлар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам борлиги хабар қилиняпти.

АҚШ ҳарбийлари эълон қилган баёнотга кўра, нишонга олинган тўрт автомобилда ироқлик жангариларга Эрондан қуроллар етказиб бераётган махфий гуруҳ аъзолари бўлган. Ҳужумда улардан 26 нафари ўлдирилган. Ўлдирилганлар АҚШ аскарларига гранатамётлардан ўт очиб, қаршилик кўрсатган. Амалиёт давомида америкалик ҳарбийлар талафот кўрмаган.

Ахборот агентликлари эса Ироқ расмийлари ва минтақада яшовчи одамлар сўзларига таяниб, қурбонлар орасида ўз уйларида ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари ҳам борлигини хабар қилмоқда. Жумладан, Америка ҳарбийлари ўтказган амалиёт давомида тинч аҳолидан саккиз киши ўлган, йигирмага яқини ярадор қилинган.

“Менинг ўғлим йўқ. Мен икки қизим билан бирга яшайман. Нима учун АҚШ аскарлари менинг уйимни нишонга олади? Мен буни билмайман”, - деган “Рейтер” мухбири билан суҳбатда уйи америкалик ҳарбийлар томонидан вайрон қилинган садрлик аёл.

Садр шаҳарчаси Ироқ пойтахти Бағдоднинг шиалар энг кўп яшайдиган қисмидир. Бу шаҳарча радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садрнинг “Маҳдий армияси” жангариларига база ҳам ҳисобланади. Бу жангарилар Ироқдаги мазҳаблараро урушда фаол қатнашиб, қотилликлар содир этаётгани айтилади.

Муқтадо ас-Садрнинг матбуот котиби Салоҳ ал-Убайдий шиаларнинг муқаддас Нажаф шаҳрида журналистларга интервью бериб, АҚШ ҳарбийлари ўтказган рейд давомида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қоралади.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, шайх Салоҳ ал-Убайдий рейд давомида фақат “Маҳдий армияси” нишонга олингани ҳақидаги баёнот асоссиз ва нотўғри эканини айтган.

АҚШ армияси қўмондонлари 30 июнь кунги рейдлар ироқлик исёнчиларга Эрондан қурол-аслаҳа етказиб бераётган жангариларга қарши ўтказилган сўнгги рейдлардан бири эканини билдирди.

Уларнинг айтишича, жангари гуруҳлар Эрондан Ироққа яширинча келтираётган қуроллар орасида АҚШ ҳарбий машиналарининг зирҳини ёриб ўта оладиган мураккаб портловчи қурилмалар ҳам бор.

Май ойида АҚШнинг Ироқдаги элчиси Эроннинг Ироқдаги элчиси билан Бағдодда учрашган эди. Тўрт соат давом этган тарихий учрашув чоғида Ироқдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш йўллари муҳокама қилинганди. Шунга қарамай, Америка ҳарбийлари Эронни Ироқда беқарор вазият келтириб чиқариш ҳаракатини давом эттираётганликда айбламоқда. Бироқ Теҳрон расмийлари ўз шаънига айтилаётган айбловларни рад этиб, Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий ҳукуматини доимо қўллаб-қувватлаб келганини таъкидлаётир.
XS
SM
MD
LG