Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:38

Қирғиз диспетчерлари АҚШ ҳарбийларига текинга хизмат кўрсатмоқчи эмас


Қирғизистон Аэронавигация хизмати АҚШнинг Бишкекдаги ҳарбий ҳаво базасига хизмат кўрсатишдан воз кечмоқда. Бу ҳақда аэронавигация касаба уюшмаси АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонасига баёнот жўнатди.

Қирғизистон Аэронавигация хизмати директори ўринбосари Улуғбек Раҳмоновнинг билдиришича, 2001 йилдан бери бу ташкилот АҚШ ҳарбий ҳаво базасига 22 миллион долларлик хизмат кўрсатган. Бироқ Қирғизистон ҳукумати ва АҚШ ўртасида имзоланган шартномада бу ташкилот АҚШ ҳарбийларига бепул хизмат кўрсатиши қайд этилган. Шу туфайли ҳам корхона хизмат ҳақини ололмаган.

“Диспетчерлар бир ойлик муддат белгилади. Қирғизистон қонунларида диспетчерлар текинга хизмат кўрсатади, деб ёзиб қўйилмаган. Уларнинг хизмат ҳақи тўланиши шарт”, - деди Улуғбек Раҳмонов.

Унинг айтишича, ўз хизмати учун ҳақ тўлаш талаби билан диспетчерлар ўтган йил декабрда Америка ҳарбий қўмондонлигига мурожаат қилган. Бироқ бу мурожаатга жавоб олинмагач, яқинда улар бир ойдан сўнг АҚШ ҳарбийларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

“АҚШ ҳарбийларининг раҳбарлари тез-тез алмашиб туради. Улар ҳар сафар, албатта, сизларга қўшимча ҳақ тўлаймиз, деб ваъда беради. Лекин ваъдани бажармай туриб, уларнинг ўрнини янги раҳбар эгаллайди. Охири пичоқ суякка бориб тақалди”, - деди Улуғбек Раҳмонов.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати аэронавигация ходимлари баёноти ҳали ўрганилмаганини билдирди. Парламент депутати Юрий Данилов эса диспетчерлар қўйган талабни рўёбга чиқариш учун АҚШ билан тузилган шартнома қайта кўриб чиқилиши шартлигини айтди.

“Бу шартнома жуда ажабтовур тузилган. Масалан, АҚШ ҳарбийлари ҳукумат радиотўлқинларидан фойдаланса, бюджетга бир сўм ҳам бермайди. Агар “Бител”, “Кател” каби хусусий ширкатлар тўлқинларидан фойдаланса, ҳақ тўлайди”, - деди Юрий Данилов.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, аэронавигация ташкилотининг бундай талаби Қирғизистондан АҚШ ҳарбий базасини чиқариш сиёсий ҳаракатига қўл келиши мумкин. Бу ҳаракат АҚШ ҳарбийлари томонидан Бишкекда содир этилган бир қанча жиноятлар, жумладан, Қирғизистон фуқаросининг отиб ўлдирилиши воқеаси мамлакат судида кўриб чиқилиб, АҚШ ҳарбийлари жазога тортилишини талаб қилмоқда. Аммо АҚШ тарафи бу жиноятларни содир этган ҳарбийларни яширин тарзда Қирғизистон ҳудудидан Америкага чиқариб юборган. Авиадиспетчерлар ҳам ўз талаблари билан мана шу ҳаракат фаолларига айланиши мумкин.

Айни пайтда Бишкек ва Вашингтон расмийлари АҚШ ҳарбий базаси билан боғлиқ муаммолар давлатлараро комиссия томонидан ўрганилаётганини маълум қилмоқда. 5 июнь куни Бишкекка келган АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс бу ҳақда гапириб: “Базанинг жойлашуви бошқа давлатлар билан имзоланган шартномаларга зид эмас. Бу база билан боғлиқ барча масалаларни АҚШ-Қирғизистон қўшма комиссияси ҳал этишга ҳаракат қилаётир”, - деган эди.
XS
SM
MD
LG