Линклар

Тожикистонда цемент жуда қимматлади

  • Гулнора Равшан

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги бир ой давомида Тожикистон бозорларида цементнинг нархи икки баробар ошган. Бир ой олдин бозорда бир тонна цемент 450 сомоний турган бўлса, энди 900 сомоний ёки 300 АҚШ долларига сотилмоқда.

Маҳаллий кузатувчилар Тожикистонда йирик иншоотлар, жумладан, саноқсиз меҳмонхона ва ГЭСлар қурилаётгани, шунингдек, “Тожикцемент” заводида ўтказилаётган таъмир цемент тақчиллигининг асосий сабаби эканини айтмоқда.

Аммо “Тожикцемент” корхонаси директори ўринбосари Ражабгул Ҳақназарова цемент тақчиллиги ҳақидаги маълумотни инкор этди.

Унинг айтишича, “Тожикцемент” жорий йилнинг дастлабки беш ойида 124 минг тонна цемент ишлаб чиқарган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 минг тонна кўпдир.

“Аммо биз ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг 80 фоизини ҳукумат қарори билан мамлакатда қурилаётган йирик иншоотларга етказиб бераётганимиз сабабли ички бозорни тўлиқ таъминлаш имкони бўлмай қолди”, - деди Ражабгул Ҳақназарова.

Маҳаллий ишбилармонлар эса мамлакат бозорларида мавжуд бўшлиқни Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида ишлаб чиқарилаётган цемент билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо бу иш осон бўлмаётганини айтади савдогарларнинг кўпчилиги.

“Ўзбекистоннинг Навоий шаҳридаги цемент заводининг асосий мижозлари қозоқлар. Заводга катта миқдорда маблағ ўтказган қозоқ ишбилармонларига кўпроқ имкониятлар берилган. Улардан сўнг қирғизлар. Тожик тужжорлари учун Навоийдан цемент олиш кун сайин қийинлашиб бормоқда. Аввал темир йўл орқали вагонларда цемент олиб кирган бўлсак, энди Хўжанд шаҳри орқали юк машиналарида ташишга тўғри келяпти”,- дейди Ҳисор туманидаги қурилиш маҳсулотлари бозорини Ўзбекистон цементи билан таъминлаб турган Саидмурод исмли ишбилармон.

Тожикистонлик ишбилармонлар Навоий цементининг ҳар тоннаси учун Сариосиё станциясига қадар илгари 78 доллар тўлаган бўлса, энди 135 доллар тўлаётганини таъкидлади.

Саидмурод Навоий цементи учун пайдо бўлган кучли рақобатда қозоқлар ғолиб келаётганини, аммо бунинг ҳеч қандай сиёсий омили йўқлигини, шунчаки ўзбек цементига талаб ошганини билдирди.

Саидмуроднинг айтишича, четдан олиб кирган цементининг ҳар тоннасини савдогарларга 420 сомонийдан топширмоқда.

Саидмурод мамлакат бозорларига 420 сомонийдан чиқарилаётган цемент 900 сомонийдан сотилаётгани сабабларидан бири маҳсулот тўртинчи қўлдан сотилаётгани ва уларнинг ҳар бири ўз устамасини қўяётгани эканини таъкидлади.

Тожикистон бозорларига цемент қимматлаганига қарамай, янгича яшашни орзу қиладиган маҳаллий аҳоли устига киймай, қорнига емай бўлса-да, уй қуришда давом этмоқда. Россияда ишлаб, бирмунча яхши топаётган тожикистонликлар қиммат тушаётганига қарамай, уй қуришни тўхтатгани йўқ. Аммо ўртаҳол кишилар иморат солишни яхши кунларга қолдирмоқда.
XS
SM
MD
LG