Линклар

Берлинда Европа Иттифоқи Марказий Осиëга оид янги стратегиясининг тақдимотини ўтказди. Европа дипломатиясининг умумсиёсий йўналишини Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер эълон қилди.

Янги стратегия Германиянинг ЕИ раиси ваколати ниҳоясига етаёзган кунда тақдим қилинди. Тақдимот маросимида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари ва Ўзбекистон ҳамда Туркманистоннинг ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари қатнашди.

Германия ҳукумати ЕИга раислик қила бошлаганидан сўнг газ ва нефть захираларига бой МОдаги ролини кучайтириш мақсадида минтақадаги беш давлат билан билан муносабатларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Германия Европанинг МОнинг барча давлатларида дипломатик миссияси бўлган ягона вакилидир.

Сўнгги бир неча ойлар ичида Штайнмайер ЕИ номидан МОнинг беш давлати расмийлари билан бир неча мулоқотлар ўтказди. Бундай мулоқотларнинг биринчиси баҳорда Остона шаҳрида ўтказилган эди.

Кузатувчилар таъкидича, бу мулоқотларнинг энг қийини Ўзбекистон расмийлари билан бўлиб ўтган.

Сўнгги вақтлар ичида Германияга қарашли “Немис тўлқини” радиосининг Ўзбекистондаги вакиллари ҳукумат таъқибига учради, уларни таъқиб қилиш эса мухбирлар ўзларига қўйилган барча айбларни тан олганидан сўнг тугади.

ЕИ стратегияси доирасида МО давлатларига молиявий кўмак бериш кўзда тутилган. Бу кўмак минтақа иқтисодиëтини ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазаси, хавфсизлик ва барқарорликни яхшилашга сарфланади.

ЕИ, шунингдек, қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқлари ва демократлаштириш, шунингдек, хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Айни пайтда ЕИ импортининг 50 фоизини энергетика маҳсулотлари ташкил этади. Айрим тахминларга кўра, яна 20 йилдан сўнг бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил этиши мумкин.

Шунинг учун айрим таҳлилчилар Европа энергетика маҳсулотлари етказишнинг муқобил йўлларини ҳозирданоқ қидиришни бошлаши кераклигини таъкидламоқда.

“Немис тўлқини” радиоси хабарига кўра, Штайнмайер Берлинда сўзлаган нутқида МО давлатлари раҳбарларини энергетика мавзуидаги мулоқотларни фаоллаштиришга чақирган.

Сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ЕИнинг МО, хусусан, Ўзбекистонга доир янги стратегияси ҳозирги шароитга мос тушишини айтади.

“Германиянинг Ўзбекистонга оид стратегияси ташқарида юрган ўзгача фикрловчиларга ëрдам беради, деб тушунаман. Тўғри, ҳозир ҳукумат вакиллари ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан юргизаëтган сиëсатини қаттиқ танқид қилиб келяпти, аммо ҳозирги пайтда ҳукумат билан муомала қилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган ягона давлат Германия, деб ўйлайман”, - деди Тошпўлат Йўлдошев.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Берлинга бормагани сабаби мамлакатда яккаҳокимлик мавжудлигидир.

“Ўзбекистонда ҳамма нарсани президент ҳал қилади. Истаган сиëсатини юргизади. Юқори раҳбарият рухсат бермагани сабабли В.Норов Германияга бормаган, деб ўйлайман”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG