Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:50

Мардикорлар топган пулини ҳукуматга бериб қўймоқчи эмас


Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг хорижда меҳнат қилаётган фуқароларини рўйхатга олишга қарор қилгани ва бу ҳақдаги ҳужжат ортидан пайдо бўлаётган саволлар кўпчиликни хавотирга солмоқда.

Янги тартибга кўра, меҳнат мухожирлари мамлакатдан чиқиб кетаётганида ва мамлакатга кириб келаётганига махсус божхона баённомаси тўлдиради. Бу баённома одатдаги божхона декларациясидан фарқ қилади. Ташқарида меҳнат қилаëтган Ўзбекистон фуқароси тўлдирган баëннома солиқ идорасига жўнатилади.

Таҳлилчилар ҳукумат расмий маълумотларда 800 минг, муқобил маълумотларда 1,5 миллион экани айтилаëтган ўзбек мардикорлари уйига жўнатаëтган пулдан улуш олиш ниятида эканини билдирмоқда.

Ўзбек мардикори Бобожон ўн йилдан бери Россияда ишлайди. Топган-тутганини яқинларига юборади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мардикорлар ҳақидаги қарорига Бобожон салбий муносабатда.

“Мардикорнинг пулига унга иш берган Москвадаги ўрисдан тортиб Тошкент аэропортидаги божхоначигача кўз олайтирар эди. Энди ҳукумат ҳам мардикор пулидан улуш олмоқчи. Агар мардикор солиқ тўлайдиган бўлса, унинг боласи кунига икки марта эмас, бир марта нон ейдиган бўлади”, - дейди Бобожон.

Унинг айтишича, дам олиш нималигини билмай, ҳафтада етти кун ишлаган ўзбек мардикори Ўзбекистонга ойда 300-400 доллар юбориб туради.

Бобожон ўзбек амалдорларининг бу каби хатти-ҳаракатлари мардикорларни ҳам юртидан бездиришини таъкидлади.

“Бормайман шу Ўзбекистонга. Гадойдан ҳам солиқ олади улар. Каримов деганлари ҳеч тўймас эканда. Қачон Каримов кетиб инсофлироғи келаркин?! Каримов бизни ватангадо қилди”, - дейди Бобожон.

Пул жўнатмалари миқдори банклар орқали Ўзбекистон ҳукуматига маълум бўлгач, мулозимлар мардикорлар пулидан улуш олиш пайига тушиб қолади. Маҳалла қўмиталарида Россия ва Қозоғистонда ишлаëтганларнинг рўйхати тузила бошланди. Аммо кимнинг қаерда нима қилаëтганини билиш қийинлик билан кечмоқда.

Фарғона вилоятидаги маҳалла қўмитаси раиси мардикорлар рўйхатини тузиш учун ҳийла ишлатаëтганини айтиб: “Ким Россияга кетаëтганини айтса, ëрдам пули берилади, деб аҳолидан маълумот оляпмиз”, - деди.

Хоразмлик Ўғилжон опанинг икки ўғли ва бир келини Россияда ишлайди. Опа эса набираларни боқиб уйда ўтиради. Ўғилжон опанинг Россияда ишлайдиган ўғли пешона тери билан топган пулини ҳукумат амалдорлари билан баҳам кўрмоқчи эмас.

“Нега мен уларга солиқ тўлашим керак? Мен Россияда олган пулимнинг солиғи чегириб қолинган”, - дейди Ўғилжон опанинг ўғли.

Лондонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов сўзларига кўра, ўзбек мардикорлари устидан назорат кучайиши уларнинг юртига қайтмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин ва бу Ўзбекистон учун салбий ҳолатдир.

“Айни пайтда миграция жараëни ижобий омил ва у ҳукумат фойдасига ишламоқда. Биринчидан, улкан ишсизлар армияси муаммоси ҳал бўлади. Иккинчидан, мамлакатга озми-кўпми қаттиқ валюта кириб туради. Ташқаридан келаëтган пул оқими мамлакатда истеъмол бозорини кенгайтиради. Агар миграция бўлмаганида ишсиз, пулсиз қолган миллионлаб одам исëн кўтарган бўлар эди. Миграция аҳоли ўртасидаги норозилик тўлқинини бироз бўлса ҳам пасайтиради”, - деди А.Илҳомов.

А.Илҳомов миграция аҳоли учун ҳам, президент Ислом Каримов учун ҳам “қутқарув чамбараги” эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG