Линклар

logo-print

Чегарадаги вазият оғирми ёки чегарани очишми?

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасидаги вазият мураккаблигича қолаётгани ҳақида баёнот берди.

Қўмита матбуот хизматига асосланиб бир неча кун аввал тарқатилган хабарда айтилишича, жорий йилнинг беш ойи давомида икки давлат чегарасида ўзбекистонлик чегарачилар томонидан тахминан 7 минг қоидабузар тўхтатиб қолинган, товарларни ноқонуний олиб ўтиш билан боғлиқ 750 уринишнинг олди олинган ва 2,5 килограмм гиёҳвандлик моддаси ноқонуний савдодан олиб қўйилган.

Шунингдек, 2006-2007 йилларда қоида бузувчилар томонидан ўзбек чегарачиларига 96 марта ҳужум қилинган, натижада чегарачилар турли тан жароҳатлари олган.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик чегарачилар тожикистонлик ҳамкасбларини айрим ҳолларда чегарада ўзини тутиш қоидаларини бузаётганликда, турли ҳуқуқбузарликларга йўл қўяётганликда айблаган.

“Озодлик” мухбири Тожикистон томонининг Ўзбекистон чегара қўмитаси матбуот хизматининг бу хабарига муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди. Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси масъуллари ўзбекистонлик ҳамкасбларининг хабарида келтирилган барча далиллар ўрганилгандан сўнг унга муносабат билдирилишини маълум қилди.

“Бундан ташқари, - деди мазкур қўмитанинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи полковник Ғуломов, - айни пайтда тожик-ўзбек давлат чегара чизиғини аниқлаштириш бўйича комиссия иш бошлаган ва бу комиссия ишига тўғаноқ бўлмаслик учун ҳам ҳар қандай тафсилотлардан тийилишни афзал биламиз”.

Наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши кураш давлат қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи Аваз Йўлдошев ўзбекистонлик чегарачилар хабарида келтирилган баъзи далиллар кулгили эканини айтди.

“Хабарда тилга олинган 2,5 килограмм гиёҳвандлик моддаси Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солувчи далил бўла олмайди. Расмий хабарда шундай бир далилнинг келтирилиши жуда кулгилидир. Мен сизга бир далил келтирай. Жорий йил беш ойи давомида қўмитамиз ходимлари томонидан ўзбек-тожик чегарасида 300 килограмм афғон қорадорисини Ўзбекистонга олиб ўтаётган шахслар қўлга олинди, уларнинг 12 нафари Ўзбекистон фуқаросидир. Биз халқларимизнинг дўстлиги ва яқин қўшничилик муносабатларига путур етказмаслик мақсадида бу борада ҳеч қандай расмий хабар тарқатмаймиз. Аммо негадир Ўзбекистон томони икки давлат чегарасидаги вазиятни яхшилашга оид ишлар ҳақида ёзиш ўринга асосланмаган далиллар билан дунёга жар солмоқда. Бу эса икки давлат ўртасидаги вазиятнинг янада мураккаблашишига катта таъсир кўрсатиши табиий”, - деди Аваз Йўлдошев.

Маҳаллий кузатувчилар эса ҳозирги кунда совуқлашиб қолган тожик-ўзбек муносабатлари яна анча вақт шундайлигича қолишини тахмин қиляпти.

Давлатлараро чегара масалалари бўйича мустақил кузатувчи Маҳди Собир Ўзбекистон томони ўзаро виза тартибини бекор қилишни пайсалга солиш мақсадида ҳар гал шундай асоссиз хабарлар тарқатаётганини таъкидлади.

“Жорий йил октябрь ойида Тожикистонда МДҲ саммити бўлиб ўтади. Кун тартибига қўйилган муҳим масалалардан бири Ўзбекистон-Тожикистон ўртасида виза тартибини бекор қилиш ва чегараларни очишдир. Ўзбекистон эса саммит иштирокчилари олдида ўзини оқлаш ниятида шу мазмундаги бўлмағур хабарларини олдиндан тарқатмоқда. Аммо Каримов юргизаётган сиёсат оҳангига жўрланган бу найранглар иш бермаслигига ишонаман. Ўзбек ва тожик халқлари азалдан қон–қариндош ва икки давлат оддий фуқаролари ҳам виза тартибининг бекор қилинишини интиқлик билан кутмоқда”, - деди мустақил кузатувчи.
XS
SM
MD
LG