Линклар

logo-print

“Коррупциянинг доҳий конструктори” яна мансабга интилмоқда


Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев мамлакат бош вазири ва сиёсатчилари коррупцияда айблаб келаётган Қамбарали Қонгантиев номзодини Марказий сайлов комиссияси раиси лавозимига таклиф этди.

Бу масала Қирғизистон жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлди. Чунки президент бир неча ой аввал жамоатчилик босими остида Қ.Қонгантиевни бош прокурор лавозимидан бўшатишга мажбур бўлганди.

Қ.Қонгантиев фақат парламент тасдиғидан ўтсагина МСК раиси бўлиши мумкин. Бироқ парламент Қ.Қонгантиевни бу лавозимга тайинлаш масаласини кўриб чиқишни вақтинча рад этди.

“Бу масала кун тартибимизда йўқ. Очиғи, кеча президентнинг вакили шу масалани кун тартибига киритишимизни илтимос қилди. Лекин биз парламент аввал ўз кун тартибидаги масалаларни, вақт қолса, кейин Қ.Қонгантиев масаласини кўриб чиқишини айтдик”, - деди парламент раиси Марат Султонов.

Парламентнинг бундай қарорини айрим сиёсатшунослар сиёсий қадам сифатида баҳолайди. Биринчидан, президентнинг МСК раисини тайинлаш тўғрисидаги таклифи кутилмаганда бўлди, иккинчидан эса Қ.Қонгантиевни бош вазир Олмос Отамбоев ва кўплаб сиёсатчилар коррупцияда айблаб келади.

“Қонгантиевлар сулоласи халқнинг нонини яримта қилаётганини, жиноятчиликни гуллатаётганини, коррупциянинг оталари эканини халқ аниқ билади. Уни ҳукумат аъзолари ҳам коррупцияда айблаб келган. Унинг МСК раислигига таклиф қилиниши президент ва бош вазир ўртасидаги зиддиятли муносабатни янада кескинлаштиради. Қирғизистонда яна митингбозлик бошланишига сабаб бўлади”, - деди таниқли жамоат арбоби Қачқин Бўлатов.

Унинг айтишича, қирғиз сиёсатчилари ва жамоат арбоблари Қ.Қонгантиевни “коррупциянинг доҳий конструктори”, деб атайди.

Кузатувчилар фикрича, парламент мавжуд вазиятдан келиб чиқиб Қ.Қонгантиев номзодини тасдиқлаш масаласини кузга қолдирган. Бу вақтга келиб жамоатчилик босими остида мамлакат президенти ўз қарорини ўзгартириши мумкин.

Айни пайтда Қ.Қонгантиевни мана шу лавозимга ўта муносиб, деб билгувчилар ҳам йўқ эмас. Улардан бири сиёсатшунос Токтогул Қақчекеевдир.

“Президент бу лавозимга ўта лойиқ номзодни топган. Қ.Қонгантиев шўро даврида 32 ёшида бош прокурор ўринбосари лавозимга эришган. У жуда малакали, масъулиятли раҳбар ва сиёсатчидир”, - деди Т.Қақчекеев.

Қирғиз матбуотида ёзилишича, агар президент кузгача Қ.Қонгантиевни МСК раиси лавозимига тайинлаш фикридан воз кечмаса, Бишкек бош майдонида яна кўп минг кишилик норозилик намойишлари бошланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG