Линклар

Ўзбекистонлик яна бир тошбақафуруш ушланди


Куни-кеча Ғарбий Қозоғистон ички ишлар бошқармаси ходимлари Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга 1007 та тошбақани ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик аёлни қўлга олди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги табиатни қўриқлаш департаментининг маълум қилишича, аёл тошбақаларни Олмаота-Москва йўналишидаги поездда бирор ҳужжатсиз олиб кетаётгани аниқланган. Аёл жаримага тортилиб, юки давлат фойдасига мусодара қилинган.

Сўнгги икки ой ичида Қозоғистон орқали Россияга ноёб қушлар ва тошбақаларни ноқонуний равишда олиб ўтаётганда бир неча ўзбекистонлик ушланди. Жониворларнинг асосий қисми Фарғона вилоятидан олиб чиқилиши айтилмоқда.

Олмаотадаги “Табиат” жамоат ташкилоти мутахассиси Камила Мелснинг сўзларига кўра, ҳозир хорижда ноёб қуш ва тошбақаларни уйда сақлаш урф бўлган. Лекин Қозоғистон ёки Ўзбекистондаги бадавлат кишилар орасида бундайлар кам учрайди.

“МДҲ мамлакатлари ҳудудидан олиб чиқилаётган барча ноёб жониворлар “Қизил китоб”га киритилган. Уларни мамлакатдан олиб чиқиш қонун асосида жазоланади. Контрабандачилар бу ишни чегарадаги танишлари ёки пора бериш орқали амалга оширади”, - деди Камила Мелс.

Табиатшунос олим Константин Плаховнинг билдиришича, ноёб турдаги жониворлар контрабандаси ўн йиллар давомида ўзининг яшовчанлигини йўқотмай келмоқда.

“Бу ҳолатнинг олдини олиш учун 1978 йилда жаҳон ҳамжамияти “Ситес” ташкилотини ташкил қилган. Аммо ҳозирги кунга қадар ташкилот фаолияти бирор ижобий самара бераётгани йўқ. Қозоғистон бу ташкилотга аъзо бўлган, аммо бу ҳам айрим шахсларнинг қонунни четлаб ўтишига тўсиқ бўлаётгани йўқ. Ноёб жониворлар савдоси сердаромадлилиги жиҳатдан гиёҳвандлик моддалари ва қурол-яроғ савдосидан сўнг 3-ўринда туради. У жуда катта маблағ келтиради”, - деди олим.

К.Плаховнинг айтишича, Ўзбекистон ҳудудида ноёб жониворлар ва қушларнинг хилма-хил турлари мавжуд. Бу эса қийин иқтисодий вазиятда яшаётган ўзбекистонликларни нолегал бизнес билан шуғулланишга ундамоқда.

“Ўзбекистонликлар ўз ҳудудида мавжуд ноёб жониворлар экспортидан пул топишга ҳаракат қилмоқда. Москвада ноёб жонивор ва қушларнинг улкан бозори бор. Мен бу бозорда бўлганман. У ерда катта пул айланади. Бу бозордаги товарларнинг асосий қисми Ўзбекистондан олиб келинган”, - деди К.Плахов.
XS
SM
MD
LG