Линклар

logo-print

Тожикистонда ўнлаб диний адабиётлар тақиқланди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Маданият вазирлиги дин ишлари бошқармаси рус, ўзбек, тожик тилларида нашр этилган 50дан ортиқ диний адабиётнинг савдога чиқарилишини мақсадга мувофиқ эмас, деб топди.

Бошқарма мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан экспертизага жўнатилган хориждан келтирилган диний адабиётларни ўрганиб чиқиб шундай хулосага келди.

Бошқарма эксперти Саидбек Маҳмадуллоев сўзларига кўра, аксарияти Буюк Британия, Россия ва Ўзбекистонда нашр этилган ва Тожикистонга расмий ва норасмий йўллар билан киритилган 51 та диний адабиётни сотувдан олиб қўйиш тавсия қилинган. Бу адабиётларнинг 9 таси ўзбек тилидадир.

“Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан экспертизага берилган адабиётларнинг аксариятида муаллиф номи ва баъзан қаерда нашр этилгани кўрсатилмаган. “Ноширлик тўғрисида”ги қонунга кўра, бундай камчилиги бор адабиётлар ноқонуний ҳисобланади. Шунингдек, бу адабиётлар бошдан-оёқ экстремизм ғоялари билан суғорилган бўлиб, аксарияти “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига оидлиги аниқланди”, - деди С.Маҳмадуллоев.

Экспертнинг айтишича, сўнгги пайтларда Тожикистонда “Ёҳуво гувоҳлари” сектаси ҳам аҳоли орасида кенг тарғибот ишлари юритмоқда. Жорий йил апрель ойида мамлакатга киритилган 200 мингдан ортиқ шу мазмундаги адабиётлар Германия ва Буюк Британия босмахоналарида босилган.

“Бошқа динларни инкор қиладиган бу секта вакиллари ўз адабиётларини кўпроқ мусулмонлар орасида тарқатишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг асосий мақсади ҳам мусулмонларни чалғитиш, уларни ўзга динга жалб қилишдан иборат”, - деди С.Маҳмадуллоев.

Тожикистон Давлат божхона хизмати матбуот котиби Абдурасул Шариповнинг билдиришича, яқинда божхоначилар “Ёҳуво гувоҳлари” сектасига оид тахминан 2 тоннага яқин диний мазмундаги китоблар, СД ва ДВД дисклар юкланган контейнерни ушлаб қолган. Маданият вазирлиги махсус буйруғи билан бу адабиётлар мамлакат ичкарисига киритилмаган ва юк контейнери ортга қайтарилган.

Маҳаллий кузатувчилар ҳам диний экстремистик ғояларни олға сурувчи адабиётлар Тожикистон, умуман минтақа давлатлари миллий хавфсизлигига таҳдид солишини таъкидламоқда.

“Насроний динини тарғиб қилувчи адабиётлар тарқатилишига қарши эмасмиз. Аммо сўнгги пайтларда ҳар хил номлар билан шакллана бошлаган турли оқимлар жамиятимиз учун жуда хатарлидир. Хорижий давлатлар маблағлари эвазига фаолият юритаётган бу оқимлар камбағал оилаларни нишонга олишга ҳаракат қилади ва уларни алдаб ўз сафига қўшади. Уларнинг мақсади диний ташвиқот эмас, балки тожик халқини оқимларга, турли динларга бўлиб юборишдан иборат. Бу эса бутун бир миллат келажаги учун ўта хатарлидир”, - дейди маҳаллий кузатувчи Зубайдуллоҳ Розиқ.

Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, аксарият ҳолларда масъуллар ўз шахсий мақсадини амалга ошириш ниятида мамлакат миллий хавфсизлиги учун хатарли бўлмаган адабиётларни ҳам йўқотишга уринмоқда.

Қайд этиш жоизки, дин ишлари бошқармаси экспертлари маҳаллий диний уламолар маърузалари ёзилган айрим СД ва ДВД дискларни ҳам савдо дўконларидан мусодара қилиб, уларни батамом йўқотиш ҳақида хулоса берган. Тожик жамиятида катта обрўга эга дин уламолари Ҳожи Мирзо ва Эшони Нуриддин маърузалари шулар жумласидандир.
XS
SM
MD
LG