Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:01

Сергей Иванов Тошкентда


3 июль куни Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов Тошкентга келди. Унинг бу сафари расман савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши билан боғланмоқда.

С.Иванов икки давлат ўртасидаги ҳукуматлараро комиссиянинг Россия томонидан ҳамраиси ҳисобланади.

Баъзи манбалар Россияда ўта нуфузли бўлган, ҳатто президент Владимир Путиннинг вориси сифатида кўрилаётган С.Ивановнинг Ўзбекистонга ташрифи расмий, айрим манбалар эса амалий эканини ёзяпти. С.Иванов Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, бош вазир Шавкат Мирзиёев ва эҳтимол мудофаа вазири Руслан Мирзоев билан музокаралар ўтказиши ҳақида маълум қилиняпти.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг бир неча кун аввал Россияга қилган сафари ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари лом-мим демаганидек, россиялик юқори мартабали меҳмоннинг келиши ҳақида ҳам ҳеч гап йўқ. Россия матбуоти ҳам ҳозирча бу ҳақда жиддийроқ бир гап айтмади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги МДҲ бўлими раҳбари Константин Алексеевнинг “Озодлик”ка айтишича, С.Иванов Тошкентга Россия-Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ҳамраиси сифатида жўнаб кетган. Сафардан асосий мақсад Ўзбекистон томондан ҳамраиси Шавкат Мирзиёев бўлган ушбу комиссия йиғилишини ўтказишдир.

Унинг сўзларига кўра, С.Ивановнинг Тошкент сафарини Ўзбекистон раҳбарининг бир неча кун аввал Росияга қилган ташрифи билан боғлашга асос йўқ.

“Ҳозир Россия-Ўзбекистон муносабатлари томонлар ўртасидаги иттифоқчилик шартномаси асосида ривожланиб бормоқда. Бундай ҳужжатлар бири, яъни стратегик ҳамкорлик ҳақидаги келишув 2004 йилда, иттифоқчилик шартномаси 2005 йилда имзоланган эди. Менимча, ҳамкорликлар маромида кетмоқда”,- деди Константин Алексеев.

Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Алексей Малашенко С.Ивановнинг ташрифи ҳақидаги батафсил маълумот берилмаётганига сабаб Тошкентдаги музокараларда хавфсизлик масалалари ҳам кўрилиши, деб билади.

“Менимча, ҳарбий ҳамкорлик ҳақида гап боради. Биринчидан, С.Иванов бу соҳага бевосита алоқадор. Тошкентда конкрет муаммолар муҳокама қилинишига ишончим комил. Ҳозир Марказий Осиёдаги умумий вазият, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг жойларда фаоллашиб бораëтгани ҳақида маълумотлар тез-тез тарқалаëтган бир пайтда Тошкентдаги музокараларда ҳарбий ҳамкорлик мавзусининг кун тартибидан жой олишига шубҳам йўқ”, - деди А.Малашенко.

Сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам С.Ивановнинг Ўзбекистонга сафари Россиянинг Ўзбекистондаги таъсир доирасини кенгайтириш эҳтимолидан дарак бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Бу ташрифдан мақсад иложи борича интеграциялашув ва ҳарбий соҳаларда алоқаларни кенгайтириш бўлса керак”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG