Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:42

Ўзбек-қирғиз чегарасида қонунбузарликлар ҳали ҳам кўп


Қирғиз оммавий ахборот воситалари Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида июнь ойининг сўнгги кунларида бир неча жиддий қонунбузарликлар юз бергани ҳақида маълумот тарқатди.

Хабарларга кўра, Ўш вилоятининг чегарадош туманларидан бирида ўзбек чегарачилари қирғиз фуқароларини калтаклаган. Боткен туманида эса қирғиз чегарачилари ўзбекистонликларга тегишли бир неча ўн қорамолни мусодара қилган.

Ўш вилояти губернатори матбуот котиби Алишер Тўқсонбоевнинг билдиришича, Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ҳудудидаги ўз ерида меҳнат қилаётган деҳқонларни калтаклаган. Бу ерлар чегара ҳудудига туташ бўлган, аммо деҳқонлар чегарани бузмаган.

“Деҳқонлар ўз ерида ишлаб турганида Ўзбекистон чегарачилари келиб уларни ўз ҳудудига олиб ўтган ва деҳқонларни автомат ўғирлаганликда айблаган. Шундан сўнг улар деҳқонларни аямай калтаклаган. Бунинг оқибатида Қирғизистоннинг икки фуқароси оғир тан жароҳати олган”, - деди А.Тўқсонбоев.

Унинг айтишича, айни пайтда калтакланган деҳқонлар Қорасув тумани шифохонасида даволанмоқда. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари эса бу ҳодиса юзасидан тергов бошлаган.

Сўнгги бир неча йил ичида ўзбек-қирғиз чегарасида бундай фавқулодда ҳолатлар анчагина содир этилган. Маҳаллий сиёсатчилар буни ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш жараёни ҳали тугалланмагани билан боғламоқда.

“Ҳозирги кунда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 763 километри баҳсли худуд бўлиб турибди. Мана шу ноаниқликлар туфайли Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳамда чегарачилари ўртасида турли келишмовчилик, аниқроғи, тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Чегара чизиғи аниқ белгиланмагунича бундай ҳолат давом этаверади”, - дейди жалолободлик сиёсатчи Жаниш Қурбонов.

Чегараларнинг аниқ эмаслиги, айниқса, чегара ҳудудида яшовчи аҳолига жуда катта қийинчиликларни туғдирмоқда. Масалан, Боткен вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош яйловларидан бирида куни-кеча Қирғизистон чегарачилари ўзбекистонликларга тегишли бўлган ўттизга яқин чорва молини мусодара қилган. Бу чорва Қирғизистон яйловларида ноқонуний тарзда ўтлашга олиб ўтилган. Ўзбекистонликларнинг аризасига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлиги молларни қайтариш учун Қирғизистон расмийлари билан музокараларга киришган.

“Бу учрашувда Фарғона тумани раҳбарлари, чегарачилар кечирим сўраб, биз молларнинг ўтиб кетганини билмай қолибмиз, деб айтди. Бироқ биз уларга қонун асосида чора кўришимизни билдирдик. Чунки илгари ҳам бундай ҳолатлар кўп такрорланган ва Боткен вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон расмийларини олти марта огоҳлантирган. Бу сафар масалани жиддий ва қонун асосида ҳал этамиз”, - деди Боткен вилояти расмийси Тоштемир Эшалиев.

Расмий маълумотларга кўра, 2007 йилнинг шу кунигача Қирғизистон ҳудудида ўзбекистонликларга қарашли бўлган уч юздан ортиқроқ чорва моллари чегарачилар томонидан қўлга олинган. Уларнинг эгаларига катта миқдорда жарималар солинган.

Маҳаллий кузатувчилар чегарада йиғилиб қолган бундай муаммоларни ҳал қилиш, биринчи галда, маҳаллий жамоалардан бошланиши лозимлигини таъкидламоқда.

“Ана шу мақсадда 7 июль куни Қирғизистон жанубидаги вилоятлар ҳокимлари Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари раҳбарлари билан учрашади. Учрашув кун тартибига чегарадаги муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш масаласи ҳам киритилган”, - деди Ўш вилояти губернатори матбуот котиби Алишер Тўқсонбоев.
XS
SM
MD
LG