Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:26

Уйғурлар Қозоғистонда сиёсат қурбони бўляптими?


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан фош этилгани шов-шув қилинган “Муҳожирлар жамоати” номли гўёки террорчилик ташкилоти вакиллари устидан суд ими-жимида ўтказилди.

Ўтган йили МХҚ Олмаотада йирик террорчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирган бу ташкилотнинг бир неча аъзосии ҳибсга олинганини, улар хитойлик уйғурлар эканини маълум қилганди. Террорчиликда айбланган бу шахслар устидан тергов ва суд бир йил давом этиб, судланувчилар 3 йилдан 25 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Қозоғистон тарихида энг жанжалли ва шов-шувли бўлиши кутилган суд шу тариқа тинч ва жамоатчилик эътиборидан четда ўтказилди.

Суд мажлисларида қатнашган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Нинель Фокина судланувчиларнинг террорчиликка алоқадорлигини тасдиқловчи далиллар деярли йўқлигини таъкидлади.

“Уларнинг уйларидан портлатилиши режалаштирилган МХҚ, ИИБ ва молия полицияси биноларининг чизмалари топилгани айтилади. Аммо буларнинг барчаси МХҚ ходимлари томонидан атайлаб ташлаб кетилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Агар суд очиқ ва ошкора бўлганида эди, тергов суст ўтказилгани, далиллар деярли йўқлиги кўриниб қоларди. Қолаверса, судда Қозоғистоннинг геосиёсий манфаатлари ҳам ҳисобга олинди. Чунки Қозоғистон Хитой билан орага совуқлик тушишини истамайди”, - деди Н.Фокина.

Унинг сўзларига кўра, террорчиликда айбланган уйғурлар ҳибсга олинишидан бироз аввал таниқли мухолифатчи Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдириб кетилишига алоқадор МХҚ ходимлари устидан суд қизиган паллада эди. МХҚ гўёки ўта жиддий террор гуруҳини фош этгани ҳақидаги баёноти билан жамоатчилик эътиборини ўз ходимлари содир этган жиноятлардан чалғитишни ҳам кўзлаган бўлиши мумкин.

“Одатда Қозоғистонда МХҚ томонидан содир этилган қора ишлар юзага чиққач, улар дарров бирор террорчилик ёки уюшган жиноятчилар гуруҳини қўлга олганини маълум қилади. Аслида “Муҳожирлар жамоати” ташкилоти ҳеч қандай экстремизм, сепаратизм ва терроризмга алоқадор эмас. Унинг аъзолари, шак-шубҳасиз, бундай сиёсий ўйинларга алоқаси бўлмаган диндор кишилар. Биз улар фаолияти билан яқиндан танишмиз. Улар МХҚ нишонига айланди, холос”, - деди Н.Фокина.

Қозоғистонда кўплаб хитойлик уйғурлар турли диний, экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланиб таъқиб остига олинаётганини кузатувчилар ҳам эътироф этади. Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Усть- Каменагорск, Олмаота вилоятларида уйғурларнинг диний ташкилотларга алоқадорликда асоссиз айблангани бунга ёрқин мисол. Қолаверса, Қозоғистон махсус хизматлари уйғурларни ушлаб бериш борасида хитойлик ҳамкасблари билан яқин ҳамкорлик қилаётгани ҳам айтилади.

Жорий йил бошида Олмаота вилоятининг Челик туманида уйғур ва қозоқ ёшлари ўртасида бўлиб ўтган қуролли тўқнашув уйғурларнинг жамият учун хавф туғдираётган гуруҳ сифатида қаралишига олиб келди. Сиёсатшунос Қаҳарман Хўжамберди буларнинг ортида Хитойнинг Қозоғистонда кўзлаган сиёсати ётганини таъкидлайди.

“Уйғурлар, жумладан, Шинжондан чиққан уйғурлар Қозоғистон жамиятига хавф, деган гаплар уйдирма. Буларнинг ортида Хитой юритаётган сиёсат ётибди. Хитойда уйғурлар маҳаллий ҳукуматга қарши курашмоқда. Хитой ҳукумати уларга қарши қаттиқ чоралар кўряпти. Хитой уйғурлар Қозоғистон миллий хавфсизлигига катта хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлаб, махсус тарғибот операциялари ҳам ўтказмоқда. Ҳаттоки Хитой ўзининг бир қанча фуқароси қайтариб беришни сўраб Қозоғистонга мурожаат қилган. Қочқинлар тўғрисидаги халқаро конвенцияга аъзолигига қарамай, бизникилар хитойлик уйғурларни ватанига сирли равишда қайтариб бериш ҳоллари ҳам бўлган. Мен уйғурларнинг Қозоғистонда қонунга қарши иш тутаётганини кўраётганим йўқ. Улар Қозоғистонда бошқа халқлар каби яшаш ҳуқуқига эга. Ҳозир президент Назарбоев Халқлар ассамблеясидан танланган парламент депутатлари ичида уйғур миллати вакили ҳам бўлиши кераклигини таъкидламоқда”, - деди сиёсатшунос.
XS
SM
MD
LG