Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:52

Мардикорлар ҳуқуқи ҳимояланадими ёки яна чўнтак дардими?


Россия бош вазири биринчи ўрибосари Сергей Ивановнинг Тошкентга сафари чоғида ноқонуний миграцияга қарши кураш, реадмиссия ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги ҳукуматлараро келишувлар имзоланди.

С.Ивановнинг ташрифи ҳақида Ўзбекистон матбуотида чекланган хабарлар тарқатилди. Лекин унинг Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ва унда имзоланган келишувлар ҳақида маҳаллий матбуот деярли лом-мим демади.

“Озодлик” мухбири Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати билан боғланиб ҳам бу ҳақда тайинли маълумот ололмади.

Москва ва Тошкент расмийлари учрашувида ноқонуний миграцияга қарши кураш, реадмиссия, яъни миграция ҳақидаги қонунни бузганларни ўз мамлакатига қайтариш ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги ҳукуматлараро келишувлар имзолангани ҳақида эса “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар қилди.

“Интерфакс” хабарига кўра, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги келишув 19 моддадан иборат бўлиб, бошқа давлат ҳудудида меҳнат қилаётган муҳожирлар ҳуқуқларини, жинси, ирқи, тили ва динидан қатъи назар ҳимоя қилишга қаратилган.

Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги муҳожирлар оқими шимолга қараб оқиши инобатга олинса, гап, асосан, ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақида бораётганини тушуниб олиш қийин эмас.

Турли ҳисобларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ташқарисида мардикорлик қилаётган ўзбекистонликлар сони 3 миллиондан ошиб кетган. Бу уч миллионнинг катта қисми, тахминан 2,5 миллиони Россиянинг турли ўлкаларида меҳнат қилади.

Россияда меҳнат қилаётган бошқа собиқ иттифоқ республикалари фуқароларидан фарқли ўлароқ, ўзбекистонлик мардикорлар нохуш вазиятга тушиб қолгудек бўлса, аксарият ҳолларда ҳимоясиз қолади, тўғрироғи уларни ҳеч ким ҳимоя қилмайди.

Тошкентда имзоланган келишув бир қарашда, энди ўзбекистонлик мардикорлар кўксига ҳам шамол тегадиган бўпти, ниҳоят Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар каби Ўзбекистон раҳбарияти ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилишга бел боғлабди, деган хаёлга етаклаши мумкин.

Лондондаги Шарқ ва Африка фанлари институтининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Алишер Илҳомов Москва билан имзоланган келишувдан Тошкент эзгу ниятларни кўзлаганига шубҳа билан қарайди.

Унинг фикрича, бунинг ортида Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдан ташқарига чиқиб кетаётган меҳнат муҳожирлари устидан назорат ўрнатиш нияти ётибди.

“Меҳнат муҳожирлари соғин сигирлигини англаган Ўзбекистон раҳбарияти бу соғин сигир баъзи бюрократик идоралар манфаатларига ҳам хизмат қилиши мумкинлигини яхши тушунади. Имзоланган ҳужжатнинг реадмиссия, яъни миграция қонунларини бузганларни ўз мамлакатига қайтариш ҳақидаги пункти унинг асосий жиҳатидир. Чунки бу ерда гап Россияга бориб, рўйхатдан ўтмаган муҳожирлар ҳақидами ёки хорижда меҳнат қилиш учун Ўзбекистон расмий идораларидан рухсат олмаган ўзбекистонлик мардикорлар ҳақида боряптими, аниқ айтилмаган. Яъни бу ҳужжатга кўра, Ўзбекистон рухсатисиз мамлакатдан чиқиб кетган мардикорлар ҳам Россиядан қайтариб юборилиши мумкин”, - дейди Алишер Илҳомов.

17 апрель куни Ўзбекистон ҳукумати “Иш фоалияти билан шуғуллангани Ўзбекистон Республикасидан хорижга чиқиб кетаётган фуқароларни рўйхатга олиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни қабул қилган эди. Бу қарорга кўра, Россиями ёки бошқа давлатгами ишлагани кетаётган фуқаролар тегишли идоралардан рўйхатдан ўтиб, хорижда ишлаш учун рухсат олиши керак. Бу эса Ўзбекистон ҳукуматига мардикорлар олган даромад устидан ҳам назорат ўрнатиш ва уларни солиққа тортиш имконини беради.

“Ўзбек бюрократиясини биласиз, улар, аввало, миллий манфаатлар эмас, бирор қарордан чўнтакка наф бўладими, деган масала ҳақида ўйлайди. Россия билан меҳнат муҳожирлари ҳақида келишув имзоланишидан ҳам мардикорларга солиқ солиш, қолаверса, ўзлари ҳам бир нарсалик бўлиб қолиш нияти кўзланганини пайқаш қийин эмас. Ҳукуматнинг меҳнат муҳожирлари устидан назорат ўрнатишга уриниши ҳам бунга далил бўла олади”, - дейди Алишер Илҳомов.

Мардикорлар ҳуқуқларига келсак, дейди лондонлик таҳлилчи, бу масала Ўзбекистон ҳукумати учун энг охирги ўринда экани ҳаммага яхши маълум.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Бахтиёр Исломов Ростов вилоятида бўлиб, 2008 йилда бу вилоятда ўзбекистонлик икки мингдан ошиқ меҳнат муҳожирининг иш билан таъминланиши ҳақида келишиб олгани ҳам хабар қилинди.

Алишер Илҳомов икки минг мардикорни иш билан таъминлаш денгиздан томчи билан баробар эканини таъкидлаб, ҳозир Россияда тер тўкаётганлар сони аллақачон миллионларни ташкил этишини эслатди.
XS
SM
MD
LG