Линклар

logo-print

ЕИ сарфлайдиган маблағ ўзини оқлайдими?

  • Фаррух Юсуфий

Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга оид янги стратегиясида минтақанинг беш давлатига кейинги олти йил давомида 750 миллион евро ҳажмида молиявий кўмак берилиши ҳам белгиланган.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел сўзларига кўра, бу маблағ тузилма стратегиясида кўрсатилган турли соҳаларда амалга ошириладиган дастурларга сарфланади.

“Бу сўнгги олти йил ичида Европа комиссияси Марказий Осиё давлатларидаги дастурлар учун сарфлаган маблағдан икки баробар кўпроқдир”, - деди Пьер Морел.

Аксарият кузатувчилар ЕИнинг янги стратегияси МО давлатларини энергия бойликларини, хусусан, газ ва нефтни тўғридан-тўғри Европага сотишга кўндиришга қаратилганини билдирмоқда. Иттифоқ расмийлари ҳам стратегиядан кўзланган мақсадлардан бири МО давлатлари билан энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш эканини сир тутаётгани йўқ.

Стратегиянинг Берлиндаги тақдимоти чоғида ҳам ЕИнинг собиқ раиси Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер минтақа мамлакатлари билан энергетика соҳасидаги мулоқотни кучайтириш ва энерегия воситаларини Қора денгиз орқали Европага элтувчи қувурлар ҳақида гапириш вақти келганини таъкидлади. Бу эса, кузатувчилар фикрича, Европанинг энергия борасида Россияга қарамликдан қутулишга ҳаракат қилаётганидан даракдир.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Евроосиё масалалари бўйича мутахассиси, профессор Филип Ҳэнсон бу фикрни илгари сураётган таҳлилчилардан бири. Лекин, дейди у, Европа бугунги шароитда ўз гази ва нефтини, асосан, Россия орқали сотадиган Марказий Осиё мамлакатлари билан келиша оладими, деган савол туғилади.

“Албатта, ЕИ бу борада бирор натижага эришса яхши бўларди. Марказий Осиёдан Россияни айланиб ўтувчи қувурлар ўтказишни назарда тутяпман. Лекин Европа бунга эриша олиши ҳақида некбин эмасман. Чунки Россиянинг бу минтақадаги таъсири ва кучли мавқеи сақланиб қолмоқда. Хусусан, яқинда Туркманистон ва Қозоғистон Россия билан янги қувурларни қуриш ҳақида келишув имзолагани ҳам Европа учун бу борада катта имкониятларни қолдирмайди”, - деди Филип Ҳэнсон.

Унинг таъкидлашича, МО давлатлари ўз энергия бойликларини ўзи истаган шартларда сотишдан манфаатдор бўлса-да, яқин келажакда Россия бу мамлакатлар табиий бойликлари учун қулай транзит коридори бўлиб қолади.

“Узоқ муддатда бу мамлакатлар ўз энергия воситаларини Ғарб бозорига тўғридан-тўғри сотишдан манфаатдор бўлади, албатта. Чунки улар ўз газини Россияга арзон нархда сотади, Россия эса уни икки баробар қимматига Ғарб бозорига олиб чиқади. Лекин мавжуд қувурлар минтақа давлатлар учун бошқа йўлларни, яъни янги қувурларни қуриш эҳтимолларининг ўта қиммат тадбир сифатида кўрилишига асосий сабаб бўлиб қолади. Айтмоқчиманки, Россиядан ўтадиган қувурлар улар учун қулайроқ вариант бўлиб қолади”, - дейди Ф.Ҳэнсон.

Бундан ташқари, ЕИ ва умуман Ғарбдан фарқли ўлароқ, Россия инсон ҳуқуқлари ва демократия қадриятларини оёқости қиляпсан, деб Марказий Осиёдаги режимларнинг бошини оғритмайди. Бу ҳам Москванинг Ўзбекистон ва Туркманстондаги каби режимлар учун ноёб шерик бўлиб қолишига ҳисса қўшади.
XS
SM
MD
LG