Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:03

Алан Жонстон озод бўлди


Аваз Алиев Қарийб тўрт ой мобайнида Ғазо минтақасида жангарилар қўлида гаровда бўлган “Би-Би-Си” мухбири Алан Жонстон 4 июль куни “Ҳамас” ҳаракатининг бевосита иштирокида озод қилинди.

Жаҳоннинг барча етакчи телеканаллари Алан Жонстон ва “Ҳамас” етакчиси Исмоил Хония учрашувини намойиш этди. Мазкур учрашув чоғида Алан Жонстон уни озод этишда иштирок этган барча фаластинликларга миннатдорлик билдирди.

“Сўнгги 16 ҳафта менинг ҳаётимда энг оғир кунлар бўлди. Реал ҳаётдан тортиб олиниб, ўзимни тириклай кўмилгандай ҳис қилдим. Ҳаракатини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўта хавфли шахслар қўлида бўлдим. Буларнинг ҳаммаси қачон ва қандай якун топишини билмай яшаш ҳам мен учун даҳшат эди”, - деди Алан Жонстон.

Жонстоннинг билдиришича, у доимий равишда занжирбанд сақланган, бироқ жангарилар унга яхши муомалада бўлган.

Алан Жонстон 12 март куни Ғазода қуролланган номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган эди. Ҳеч қанча вақт ўтмай “Ислом армияси” гуруҳи журналистнинг ўғирланиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, Буюк Британиядаги мусулмон маҳбуслар озод этилмаса, Алан Жонстонни ўлдириш билан таҳдид қилганди.

“Ҳамас” ҳаракати уч ҳафта муқаддам Ғазодаги назоратни ўз қўлига олгандан сўнг Алан Жонстоннинг озод этилиши учун барча имкониятларни ишга солишини маълум қилган эди.

“Ҳамас” расмийларининг айтишича, А.Жонстон уни гаровда ушлаб турган жангарилар томонидан ҳеч қандай шартларсиз озод этилган.

“Ҳамас” етакчиси Исмоил Хония мухбир озод этилганидан мамнун эканини билдирди.

“Бу иш амалга оширилиши учун жиддий ва оғир меҳнат сарфланди. Бунга биз соғлом фикр ва ақл билан ёндашдик. Буларнинг барчаси фаластинликлар фойдаси учун яхши якун топди”, - деди Исмоил Хония.

Шотландияда журналистнинг ота-онаси Граҳам ва Маргарет Жонстонлар, шунингдек, Лондонда “Би-Би-Си”нинг янгиликлар бўлими раҳбари Ҳелен Боаден Алан Жонстонни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдирди.

“Аланнинг эсон-омон озод этилганидан бениҳоя хурсандмиз. 114 кунлик тутқинликдан сўнг унинг озод этилишига ўз ҳиссасини қўшган ва чарчоқ нималигини билмай ҳаракат қилган барча шахсларга раҳматлар айтамиз. Ҳақиқатдан ҳам бу оғир синов бўлди. Биз умуман кўрмаган одамларнинг Аланни қўллаб-қувватлаши бизга қўшимча куч бағишлаб турди”, - деди Ҳелен Боаден.
XS
SM
MD
LG