Линклар

Экологияга оид хабарлар

  • Ҳасанжон

Келаси йил августда Хитой пойтахти Пекинда 11-Ёзги Олимпиада ўйинлари ўтказилади. Мусобақалар пайтида ҳаво тозалигини таъминлаш мақсадида 8-24 август кунлари синов тариқасида Пекинда бир миллион автомобилнинг кўчада юриши тақиқланади. Шу муддат давомида Олимпиада ташкилотчилари очиқ ҳавода ўтказиладиган ўйинлар режасини ишлаб чиқади.

Олимпиада халқаро андозалар талаблари даражасида ўтиши учун Хитой ҳукумати Пекинда атроф-муҳитни тозалаш ишларига ҳозирга қадар 15 миллиард доллар маблағ сарфлади.

*** *** ***

Глобал иқлим исиши муаммосига ҳукуматлар эътиборини кучайтириш мақсадида машҳур қўшиқчилар 7 июль куни дунёнинг етти йирик шаҳрида концерт уюштиради. Токио, Сидней, Йоханнесбург, Гамбург, Лондон, Нью-Йорк ва бошқа шаҳарларда ўтказиладиган “Live Earth”, яъни “Жонли Ер” номли концертларда “Police”, “Red Hot Chili Peppers” гуруҳлари, Мадонна ва бошқа қўшиқчилар қатнашади.

Голливуд актёри Тони Коллетт фикрича, мусиқа дунёни экологик фожеадан сақлаб қолади. У фаол атроф-муҳит ҳимоячисига айланган АҚШ собиқ вице президенти Алберт Гор бошлаган концерт тадбирлари экологик вазиятнинг глобал миқёсда ижобий томон ўзгаришига туртки бўлади, деган умидда.

Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган текин концертдан кейин шаҳарни турли чиқиндилардан тозалаш ҳашари бўлиши ва унда 1 миллион одам қатнашиши режалаштирилган эди. Бироқ 4 июль куни полиция хавфсизликни таъминлаш учун етарли ходимга эга эмаслигини билдирди. Шундан сўнг расмийлар концерт бекор қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Атроф-муҳит ҳимоясига бағишлаб Истанбулда ўтказилиши режаланган концерт айни шу сабабга кўра ўтган ҳафта бекор қилинган эди.






*** *** ***

Ёз фаслида Афғонистонда ёмғир ёғиши кам учрайдиган ҳол. Аммо куни-кеча Кобул ва мамлакатнинг шарқий минтақаларида ёққан кучли ёмғир сув тошқинлари ҳосил қилгани оқибатида ўндан ортиқ одам нобуд бўлди, бир неча уй қулаб тушди.

Панжшер водийси ва Кунар вилоятида ёққан жала оқибатида дарёлар тошиб, катта иқтисодий зарар етказди.

Афғонистоннинг Фавқулодда вазиятлар вазири Абдул Матин Идрокнинг маълум қилишича, Панжшер водийсида содир бўлган сув тошқинлари оқибатида юзга яқин одам нобуд бўлган.

*** *** ***

Электрон ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов яқинда вилоятларга қилган сафари давомида айрим туманлардаги вазият билан яқиндан танишиш жараёнида қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитга катта зарар етказаётган майналарни йўқотиш ҳақида буйруқ берган ва бу буйруқ ҳозир ижро этилмоқда.

Майналар чорва моллари танасига ёпишиб олган кана ва бургаларни териб ейиш қобилияти учун Ўзбекистонга ўтган аср ўрталарида Афғонистондан олиб келинган. Кейинроқ бу қуш нафақат моллардаги бурга, балки бошқа қушлар, хусусан, чумчуқларга ҳам ҳужум қилиб, уларни йўқ қилиши маълум бўлди. Айни сабаб сўнгги йилларда чумчуқлар сони сезиларли камайиб кетгани айтилмоқда. Шу боис, ўзбекистонлик мутахассислар давлат раҳбари тўғри буйруқ берган, деган фикрда.

Ўзбекистон овчилар ва балиқчилар уюшмаси ходимларидан бири майналар сонини камайтириш биринчи марта ўтказилаётган тадбир эмаслигини айтди.

“Бу кампания ҳар йили ўтказилмайди. Майналар сонини камайтириш 2005 йилда бўлган, 2006 йилда бўлмаган, бу йил яна бўляпти. Майна ўз-ўзидан кўпайиб кетадиган қуш экан. Бу ўта хавфли бўлгани учун уларнинг сонини камайтириш керак экан”, - деди “Ўзовчибалиқчи” уюшмаси ходими.

Мазкур уюшма раҳбари Собиржон Аюбов майналар сонини камайтириш кампанияси ўтказилаётгани сабабини изоҳлар экан: “ Ҳақиқатан ҳам майна ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Мусича, чумчуқ каби қушлар ҳамда узум ва бошқа меваларни йўқ қиляпти. Ҳозир Ўзбекистонда 10 миллиондан кўп майна бор. 60-йилларда олиб келинган бу қуш ҳозирга келиб меъёрдан ортиқ даражада кўпайиб кетди. Шунинг учун шаҳарлар ва унга туташ ҳудудларда майна сонини бир оз камайтириш тадбири ўтказиляпти”, - деди.

Собиржон Аюбов майналар сонини камайтириш кампанияси илмий асосда амалга оширилаётганини билдирди.

“Қанча майна камайтирилиши бўйича Ўзбекистон Фанлар академияси тасдиқлаган меъёр бор. Баъзи жойларда кабутарлар кўпайиб кетса, улар йўқ қилинади. Бизда майналар кўпайиб кетгани учун биз уларнинг сонини бироз камайтиряпмиз. Бундай тадбир аввал ҳам бир неча марта ўтказилган”, - деди С.Аюбов.
XS
SM
MD
LG