Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:04

Қамоқхоналардаги адолатсизликлар давом этмоқда


Ўзбекистонда диний эътиқоди учун озодликдан маҳрум этилганларнинг жазо муддати тугаганига қарамай, уларга турли баҳоналар билан қўшимча жазо муддатлари қўшиб бериш ҳолатлари давом этмоқда.

“Озодлик” радиосига интервью берган Зайнаб исмли аёлнинг сўзларига кўра, унинг уч қайиноғаси диний эътиқоди учун узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Жумладан, Ортиқали ва Ботиржон Аҳмаджоновлар 16 йилга қамалган бўлиб, ҳозир улар Жаслиқдаги қамоқхонада жазо муддатини ўтамоқда.

Зайнабнинг айтишича, кенжа қайиноғаси Адҳамжон 7 йилга қамалган ва сентябрда жазо муддати тугайди. Аммо у сақланаётган Косондаги 64/51-қамоқхона маъмурияти уни арзимаган баҳоналар билан қайта суд қилдириб, қўшимча муддат қўшиб бермоқчи.

“Қайиноғам Адҳамжон Аҳмаджонов шу йилнинг сентябрь ойида озод қилиниши керак эди. Ҳожатхонага кўп ўтирдинг, полни ҳўл қилиб қўйдинг, қоғозни нотўғри кўтариб бординг, намоз ўқидинг каби арзимаган баҳоналар билан уни ҳозир қайта суд қилишмоқчи”, - дейди Зайнаб.

Ўз исмини айтишни истамаган бир онахоннинг билдиришича, икки ўғли диний эътиқоди учун узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Бир ўғли ҳозир қамоқхона тиббиёт бўлимида. У силга чалинган. Иккинчи ўғлига эса қамоқда намоз ўқишга рухсат берилмаяпти.

“Ўғлим Навоийдаги 36-зонада ўтирибди. Уларнинг озиқ-овқати ҳақида бир нарса дея олмайман. Лекин болаларни намоз ўқигани қўйишмас экан. Ҳатто эшикка чиққани борса, таҳорат қилмайсан, деб орқасидан бориб турармиш. Мабодо бошини у ёқ, бу ёққа бурса, намоз ўқияпсан, деб жазолар экан”, - дейди онахон.

Онахоннинг таъкидлашича, ўғиллари ҳали бирор марта ҳам авф этилмаган. Конституциявий тузумга тажовуз, диний ташкилотлар ва гуруҳлар тузиш ёки уларга аъзолик билан боғлиқ жиноятларда айбланган йигитлар қамоқхоналарда жуда қаттиқ назорат қилинади. Турли баҳоналар билан жазо изоляторларига ташланади. Бу эса, ўз навбатида, маҳбусларнинг қайта суд қилиниб, жазо муддати узайтирилишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов диний айблар билан қамалган маҳбуслардан кечирим сўраш талаб қилинишини, лекин улар бу талабни бажармаслигини билдирди.

“Улар қилмаган гуноҳи учун кечирим сўрашдан бўйин товлайди. Натижада қамоқхона маъмурияти уларни қаттиқ назорат қилади. Иложи борича уларни қамоқдан чиқармасликка харакат қилади”, - дейди С.Икромов.

С.Икромовнинг айтишича, бу маҳбусларнинг яқинлари қамоқхоналарда бўлаётган адолатсизликлар ҳақида Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш бош бошқармасига кўплаб марта шикоят қилган. Лекин аризалар айланиб яна қамоқхона раҳбарияти қўлига келиб тушаверади.
XS
SM
MD
LG