Линклар

logo-print

Уч кишини отиб ўлдирган милиция майори суд қилинмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Милиция академиясининг собиқ ходими, бир пайтнинг ўзида учта қотиллик содир этган майор Наримон Абдураҳмонов устидан суд жараёни бошланди.

Тожикистон Бош прокуратураси терговчиси Кенжа Раҳматов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда воқеа тафсилотлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

“Н.Абдураҳмонов жорий йил январида ҳамкасби, милиция полковниги Исроил Содиқовдан ПСМ русумли тўппонча ва 45 дона ўқ сотиб олади.
Ноқонуний тарзда қўлга киритган қуролни 22 мартга қадар уйида сақлайди.
22 март куни қўшнилари Н.Абдураҳмоновни Наврўз байрамига атаб ёзилган дастурхонга таклиф этади. Ўзаро суҳбат давомида Н.Абдураҳмонов қўшниси Маҳмадражаб Саидов билан тортишиб қолади. Узоқ давом этмаган тортишувдан сўнг майор уйига кириб тўппончани олиб чиқади ва М.Саидовга қарата ўт очади. М.Саидовга тарафкаш бўлган бошқа қўшниси Жўрахон Саидов ҳам Н.Абдураҳмонов қўлидаги тўппончадан тан жароҳати олади. Кўп қон йўқотган икки қўшни ҳам шифохонада вафот этади. Аммо Н.Абдураҳмонов бу билан қаноатланмай, ўзига қурол сотган ҳамкасби И.Содиқовнинг уйига боради ва ундан катта миқдорда пул талаб қилади. И.Содиқов унинг хоҳишини бажара олмаслигини айтгач, Н.Абдураҳмонов уни ҳам ўлдиради”
.

К.Раҳматов тергов жараёнида Н.Абдураҳмонов қилмишига тўла иқрор бўлганини маълум қилди.

Судланувчининг хотини бу жиноят маҳаллийчилик туфайли рўй берганини таъкидлади.

“Ўша байрам тантанаси куни маъракага таклиф этилган Наримонни қўшнимиз Маҳмадражаб таҳқирлагани боис, у руҳий босим остида шу жиноятга билмай туриб қўл урган. Албатта, у ўз қилмишларидан қаттиқ пушаймон”, - деди Н.Абдураҳмоновнинг хотини.

Марҳум Жўрахон ва Маҳмадражабнинг турмуш ўртоқлари Гуля Толибова ҳамда Ҳалима Исмоилова қўшнилар ўртасида ҳеч қачон маҳаллийчилик бўлмагани, жиноят эса илгаридан режаланган ғараз ният асосида содир этилганини, бунга бир товоқ ош сабаб бўлганини билдирди.

“Биз хотинлар ичкарида ўтирган эдик. Албатта, воқеани ўз кўзимиз билан кўрганимиз йўқ. Аммо эшитганларимиздан шуни айта оламизки, бу жанжал қозон атрофида ош сузаётган хўжайиним Маҳмадражаб Наримоннинг унга ортиқча яна бир товоқ ош бериш талабини бажармаганидан сўнг чиққан. Биз суд жараёнидан норозимиз. Судъя ва бошқа масъуллар унга ён босаётгани сезилиб қоляпти. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир сигир ўғирлаган жиноятчини такрор-такрор телевизорда кўрсатади. Аммо ноқонуний қурол асраган ўз ҳамкасблари борасида овозларини пастлатиб гапиради. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига хабар бермасликка уринади”, - деди Гуля Толибова.

Қотиллик қурбони бўлган Саидовлардан бирининг етти ва бошқасининг икки фарзанди етим қолди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходими сўзларига кўра, мамлакатда фуқаролар уруши йилларидан қолган, рўйхатда бўлмаган жуда кўп қуроллар аҳоли қўлида сақланиб қолмоқда. Шунингдек, уларнинг ноқонуний савдоси ҳам тез-тез учраб турадиган ҳолат.
XS
SM
MD
LG