Линклар

“Жосус”нинг жосуслигига кўпчилик ишонмаяпти


Қирғизистон парламенти аппаратининг Хитой фойдасига жосуслик қилишда айбланиб ҳибсга олинган ходимаси Жипар Ариқованинг айбдорлигига ҳатто депутатлар ҳам шубҳа билан қарамоқда.

Қирғиз парламенти раиси Марат Султонов ҳам ўз ходимининг жосус эканига шубҳа билдириб, парламентда давлат сири ҳисобланган ҳеч қандай махфий ҳужжатлар бўлмаганини таъкидлади.

Унинг айтишича, Хитой фуқаросига мутлақо сир бўлмаган ҳужжатларни топшираётганда қўлга олинган Ж.Ариқова лавозимидан вақтинча четлатилган, лекин вазифасидан озод қилинган эмас.

“Хитой элчиси билан учрашувим чоғида элчи бу ҳужжатларни шахсан мендан сўраганда ҳам уларни берган бўлишимни айтдим. Унга парламент ҳужжатлари барча дипломатлар ва Қирғизистон фуқаролари учун очиқдир, бунинг учун парламентдан жосус ёллашнинг мутлақо ҳожати йўқ, деб жавоб бердим”, - деди парламент раиси.

Парламент ходимасининг жосусликда айбланиши жамоатчиликда ҳам таажуб уйғотди. Қирғиз матбуотининг билдиришича, Ж.Ариқова Хитой фуқаросига Бишкекда бўлиб ўтган митинглар ва Қирғизистон конституциясининг янги таҳрири лойиҳасини топширган.

“Наҳотки митинглар ва конституция тўғрисидаги маълумотлар давлат сири ҳисобланса? Вой тавба”, - деб кесатади қирғиз газеталари.

Шунга қарамай, Қирғизистон миллий хавфсизлик идораси Жипар Ариқовага нисбатан “ватанга хиёнат қилиш” моддаси бўйича жиноят иши очган.

“У ватанга хиёнат қилганликда айбланмоқда. Ҳозирча жиноят иши билан таниш эмасман. Бу иш билан мени бир ярим ойдан сўнг таништиришади. Бироқ бу иш бўйича далил-исботлар топилишига шубҳам бор”, - деди айбланувчининг адвокати Ойжон Қосималиева.

Адвокат сўзларига кўра, бу иш сиёсий сабабларга боғлиқ эмас. Айбланувчи Жипар Ариқова ҳам ўзининг жосусликда айбланиб қўлга олинишида ҳеч қандай сиёсий сабабларни кўрмаётир.

“Жипарнинг айтишича, ўзининг ҳибсга олинишига сиёсатнинг алоқаси йўқ. У ўзига жуда ишонади. Чунки у давлат сири бўлмаган ҳужжатларни топшираётганда қўлга олинган. Хитой фуқаросининг махсус хизмат ходими эканини ҳам у билмаган”, - деди адвокат.
XS
SM
MD
LG