Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

ИИВнинг собиқ амалдорлари суд қилинмоқда


“Uzmetronom” сайти Tошкент шаҳри жиноят ишлари судида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бўлган ишбирмонлар ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги собиқ амалдорлари устидан суд жараëни бошланганини хабар қилди.

Судланаëтган етти шахс катта миқдордаги давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланмоқда. Аммо улардан уч нафари, шу жумладан, ИИВ жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси собиқ раҳбари Алишер Шарипов айни пайтда қочиб юргани маълум қилинган. Айбланувчилар орасида “Постда” газетасининг собиқ бош муҳаррири Шуҳрат Муродов ҳам бор.

Бундан бир қанча вақт муқаддам А.Шарипов қаторида вазирликнинг “Постда” газетаси ва “Қалқон” журнали бош муҳаррири Азиз Эрназаров ҳам ишдан бўшатилгани ва ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилишда айблангани ҳақида маълумот тарқатилганди. Кейинчалик А.Эрназаров терговда гувоҳ сифатида қатнашаётгани айтилганди.

“Постда” газетасининг “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган ходими А.Эрназаров судда ҳам гувоҳ сифатида қатнашаётгани, у вақтинча ишдан четлатилганини билдирди. Шунингдек, А.Шарипов айни пайтда қочиб юрганини ҳам тасдиқлади.

Жорий йил бошидан бери устидан тергов ўтказилаётган А.Шарипов апрель ойи бошларида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига очиқ хат ёзиб, мамлакат ички ишлар тизимида содир этилаётган жиноятларни фош этишга ҳаракат қилгани учун унинг ўзини таъқиб қилишаётганини таъкидлаганди. У ИИВ марказий аппаратида катта миқдордаги пуллар ўзлаштирилаётгани, бу ҳақда шахсан ички ишлар вазирининг ўзига бир неча марта хат билан мурожаат қилгани, бу хатлар ҳеч қандай натижа бермаганини ёзганди.

Гап орасида А.Шарипов “Постда” газетасида ҳам рўй берган ва рўй бераётган бедодликлар ҳақида ёзгани ва ўзи бу жиноятларни фош этишга қаратилган уринишлари қурбони бўлганини билдирганди.

“Ўзметроном” бош муҳаррири Сергей Ежков ўз сайтида эълон қилинган бу очиқ хат А.Шариповнинг ички ишлар тизимидаги жиноятларга алоқаси йўқлигини исботламаслигини айтган эди.
XS
SM
MD
LG