Линклар

Ўзбекистон исломий ҳаракати вакиллари Бадахшонда пайдо бўлдими?

  • Садриддин Ашур

Афғонистон шимолидаги Бадахшон вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Жума Намангоний гуруҳида бўлган кишилардан иборат қуролли тўда пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.

Бадахшон аҳолиси ва мамлакат хавфсизлик кучлари орасида вилоятда толибларнинг катта гуруҳи пайдо бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар бир ойдан буён мавжуд. Бу гуруҳ таркибида ЎИҲнинг Жума Намангоний гуруҳида бўлганлар, тожик мухолифати вакиллари ва чечен миллатига мансуб кишилар борлиги айтилмоқда.

Бадахшон вилояти хавфсизлиги бўйича масъул Сормон Асадулло ҳам аҳоли бу ҳудудда қуролланган одамларни кўрганини билдирди.

Унинг айтишича, Афғонистонга Покистондан ўтган бу гуруҳ Шоҳи Салим тизма тоғларидан ошиб, Бадахшон вилояти ҳудудига жойлашиб олган. Улар ҳозир Тожикистонга яқин Шуҳадо ва Вардўш тоғларига яширинган бўлиши мумкин.

“Яйловда пода боқиб юрган бир бола бизга қуролланган 16 кишини кўрганини айтди. Улар хорижийлар бўлиб, Вардўш тоғларига чиқиб кетган”, - деди Сормон Асадулло.

Сормон Асадулло сўзларига кўра, олинган хабарлардан маълум бўлишича, бу гуруҳ толиблар дала қўмондони Мулло Ҳафизуллоҳ томонидан бошқарилади. Гуруҳдаги одамларига жуда катта миқдорда пул берилган бўлиб, уларга Ўзбекистон фуқароларни иложи борича кўпроқ ўз сафларига жалб этиш, ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан мунтазам алоқа ўрнатиш вазифалари юкланган. Энг асосий мақсад эса Афғонистон шимолидаги вазиятни беқарорлаштириш ва Ўзбекистон сиёсатига салбий таъсир кўрсатишдир.

Эслатиб ўтамиз, бир неча ҳафталик жанглардан сўнг ЎИҲ жангарилари Покистоннинг ўзлари ўрнашиб олган Вазиристон минтақасидан ҳайдаб чиқарилган эди. Покистон хавфсизлик хизматлари “Толибон” раҳбарияти ўзбек жангариларига Афғонистонга қайтиш ва толибларга қўшилиш таклифи билан мурожаат қилгани ҳақида маълумот тарқатганди.
XS
SM
MD
LG