Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:28

Дариға сиёсатдан четлашди. Вақтинчами?


Қозоғистондаги ҳукмрон “Нур Отан” партиясининг навбатдан ташқари 11-қурултойида партиядан муддатдан олдин парламент сайловида иштирок этадиган номзодлар рўйхати тасдиқланди.

Бу рўйхатга учинчи чақириқ Мажлис (қуйи палата) депутати Дариға Назарбоева киритилмади. Шунингдек, у отаси, президент Нурсултон Назарбоев раҳбарлик қилаётган “Нур Отан” партияси раиси ўринбосари лавозимидан ҳам мосуво қилинди.

Д.Назарбоеванинг кутилмаганда сиёсий ўйинлардан чекингани Қозоғистон раҳбарининг оиласи атрофидаги воқеалар билан боғлиқлигини айтмоқда маҳаллий кузатувчилар. Эндиликда собиқ эри Роҳат Алиев одам ўғирлаш ва бошқа жиноятларда айбланиб, Австриядаги элчи лавозимидан бўшатилгани ва устидан жиноят иши қўзғатилгани Дариғанинг обрўсига салбий таъсир этмай қолмади. Эри билан ажрашгани, бу қарорга келиш унинг учун оғир бўлганини расман эълон қилиб, телевидение орқали қўшиқ ва клипларини намойиш этишни бошлаб юборгани эса Дариға имижига янада ёмон таъсир кўрсатди. Мамлакат оммавий ахборот воситалари бу ҳаракатни “мотам пайтида тўй” ўлароқ баҳолади. Қозоғистондаги йирик PR-компаниялар эса Д.Назарбоева имижини тиклаш учун қилинган бу қадам энг муваффақиятсиз акциялардан бири эканини билдирди.

Д.Назарбоеванинг ўз обрўсини тиклаши учун ҳозирги вақтда ягона тўғри йўл августга бергиланган парламент сайловида иштирок этишдан тийилиш эканини сиёсатшунослар, жумладан, Олтинбек Сарсенбоев номидаги жамғарма мутахассиси Айдос Саримов ҳам таъкидлаган эди.

“Менимча, Д.Назарбоева “Нур Отан” партияси таркибида бу сафарги парламент сайловида иштирок этмайди. Халқ ичига кириб бориш, турли хайрия дастурларида иштирок этиш орқали путур етган сиёсий имижини тиклашга ҳаракат қилади”, - деган эди сал аввалроқ Айдос Саримов.

Қозоғистонлик таниқли сиёсатшунос Дўсим Сатпаев ҳам Д.Назарбоеванинг сайловда иштирок этмаслиги унинг собиқ эри Р.Алиев атрофидаги можаролар билан боғлиқлигини билдирди.

“Бу ерда бирор сир ёки аниқ интрига йўқ. Ўйлашимча, президентнинг ўзи унга ҳозир сиёсатга камроқ аралашишни маслаҳат берган. Дариғанинг сиёсий ўйиндан четлашиши унинг шахсий қарори эмас, балки отасининг босими натижада амалга ошган. Д.Назарбоева мустақил, отаси кўмагисиз сиёсий фаолият юритишни мақсад қилган. Аммо яқинларининг ҳаддан зиёд мустақил бўлиб, ўзбилармонлик билан иш юритиши сўнгги вақтларда Нурсултон Назарбоевга ёқмаяпти. Шу сабабли у қизини сиёсатдан четлатган”, - дейди сиёсатшунос.

Д.Сатпаев фикрича, Д.Назарбоеванинг кутилмаганда парламент сайловида иштирок этмаслиги унинг сиёсий ўйиндан буткул чекинганини англатмайди.

“Дариға Назарбоевани ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта. Президентнинг қизи сиёсатчи сифатида қайта фаолият бошлаши эҳтимолдан холи эмас. Аммо бу иш бугун ёки эрта содир бўлмайди. У вақтинчалик тайм-аут олди. Аммо келажакда Дариғанинг катта сиёсатга қайтиб келиши ҳақидаги фикрларда жон бор”, - деди Д.Сатпаев.
XS
SM
MD
LG