Линклар

logo-print

Қизил масжид қуршовда қолмоқда

  • Ҳасанжон

Покистон пойтахти Исломобод шаҳридаги Лаъл, яъни Қизил масжид хавфсизлик кучлари қуршовида қолмоқда. Бинода қамалиб олган радикал уламолар ва юзлаб талаба хавфсизлик кучларига таслим бўлишдан бош тортаётир.

Толибларга хайрихоҳ бўлган Қизил масжидда 2 июль куни талабалар ва хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашув юз берган, оқибатда 16 одам ҳалок бўлган ва 150 киши яраланганди. Шундан кейин масжид ҳукумат кучлари томонидан қуршовга олинди.

Бу масжид бир неча ойдан бери ҳукумат расмийлари эътиборини ўзига жалб қилиб келаётган эди. Бунга устозлари буйруғига кўра талабалар полиция ходимлари ва фоҳишалик билан шуғуллангани гумон қилинганларни ўғирлагани, болалар кутубхонасини эгаллаб олгани, мусиқа ва видеокассеталар сотиладиган дўконлар эгаларига таҳдидлар қилиб келгани сабаб бўлган. Бу ишларнинг бари Исломобод марказида рўй бераётгани Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг жиғига тегиб келаётганди. Узоқ иккиланишдан кейин ниҳоят ҳукумат бу бошбошдоқликка чек қўйишга қарор қилди.

2 июль кунги қуролли тўқнашувдан кейин полиция ходимлари масжид имом-хатиби мавлоно Абдул Азизни ушлаб олди. Абдул Азиз чоршанба оқшомида аёл кийимини кийиб масжиддан қочиб кетишга уринган пайтда қўлга олинди.

Мулла Абдул Азизга суд томонидан террор ҳужумлари уюштиришга уринганлик, одам ўғирлаш, жумладан, Хитойнинг саккиз фуқаросини ўғирлаганлик айблари қўйилди.

Маълумотларга кўра, ҳозир масжид биносида яна мингга яқин талаба, жумладан, 600га яқин аёл ўрнашиб олган. Ўнлаб талабанинг қуроллангани ҳам айтилмоқда.

5 июль куни Исломободда ўтказилган матбуот анжуманида Покистон ҳукумати матбуот котиби Жавод Иқбол Чема масжиддаги талабалар ва Абдул Азизнинг укаси таслим бўлиши кераклигини айтди.

“Ҳозирга қадар масжид раҳбарларидан икки нафари ҳукуматга бўйсинишдан очиқчасига бош тортмоқда. Улар томонидан муросага келиш борасида уриниш ҳам бўлгани йўқ. Бироқ уларнинг таслим бўлишдан бошқа чораси йўқ”, - деди Иқбол Чема.

Покистон расмийларининг билдиришича, 4 июль куни масжиднинг мингга яқин талабаси ҳукумат кучларига таслим бўлган. Карачи шаҳридаги радикал қарашдаги айрим гуруҳлар Қизил масжиднинг Покистон хавфсизлик кучлари томонидан қуршовга олинганига қарши норозилик намойиши ўтказган.

5 июль куни эрталаб хавфсизлик кучлари масжид ҳовлисида огоҳлантирувчи портлаш содир этиб, кўз ёшлантирувчи газ ишлатди.

Покистон ҳукумати таслим бўлган барча эркакларга қонун доирасида адолатли муомала қилинишини, аёллар ва болалар эса жавобгарликка тортилмаслигини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG